Ўмурбек Текебаевга ҳужум вақтида олинган видео ижтимоий тармоқда тарқади

310

Ижтимоий тармоқларда «Ата Мекен» етакчиси Омурбек Текебаевга қилинган ҳужумнинг видеоси эълон қилинди. Сиёсатчига 1-декабрда Бишкекдаги «Парк отель» меҳмонхонаси яқинида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан ҳужум қилган.

Видеода меҳмонхонанинг олдида ўнлаган номаълум шахслар сиёсатчини ўраб олиб, уни турткилаётганини кўриш мумкин.

Сиёсатчининг айтишича, 70 нафарга яқин ниқобли одамлар махсус микроавтобусларда келиб,  уни «гаплашиб олиш учун» олиб кетмоқчи бўлган.

«Кеттик, бошқа ерга бориб гаплашамиз дейишди. Бу орада одамлар кўпайиб, баъзилар телефонга видеога ола бошлашди. Шундагина танилиб қолмайлик деб қўрқишди шекилли, мени ва атрофдагиларнинг телефонларини тўплай бошлашди», — дейди у.

Текебаев ҳужум «сиёсий мақсадда» уюштирилганига амин.

«Бу ҳақиқий сиёсий ҳужум, сиёсий террорнинг бошланиши. Мендан бошланса [қўрқитув] бошқалар яна ҳам қўрқиб қолади деб ўйлашди. Нимага сизлар сайлов натижасидан норози бўласизлар? Нимага митинг қиляпсизлар, деб очиқ айтишди», — дейди Ўмурбек Текебаев.