Бишкек шаҳар суди Ижтимоий ривожлантириш собиқ министри Равшан Сабировни бола асраб олишга лицензия беришда «пора талаб қилгани» учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Сабиров ҳимоячиси Икрамидин Айткулов Kloop.kg билан суҳбатда суд собиқ министрнинг ёрдамчиси Тахир Мирзамаметов кўрсатмаларига таяниб, уни пора олганликда айбдор деб топганини хабар қилди.
«Бошқа ҳеч бир нарса билан далилланмайдиган Мирзамаметовнинг кўрсатмаларига биноан суд Сабировга айблов ҳукмини чиқарди. Беш ёки олти йил. Мен бу ҳукмдан ҳайратда қолдим. Шунчалар тасдиқланмаган ва қонунга хилофки, мен ҳайратда қолдим ва ҳатто неча йиллик қамоқ жазосини берганини ҳам эслаб қололмадим», — деди Айткулов.
Сабиров айнан беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳақида биринчи бўлиб 24.kg ахборот агентлиги журналисти Асилқан Шайназарова ўзининг «Фэйсбук» ижтимоий тармоқдаги саҳифасида чоп этганди.
Собиқ министр қирғизистонлик етим болаларни асраб олиш учун Италия компаниясига лицензия беришга пора талаб қилганликда айбдор деб топилди.
Адвокат ҳукмни юқори инстанцияда шикоят қилмоқчи.
«Мен албатта шикоят қиламан, шубҳасиз, шикоят қиламан», — дейди у.
Маҳкама изоҳламаяпти
Айблов ҳукмини чиқарган суд маҳкамаси канцеляриясида Kloop.kg мухбирига ҳукм юзасидан изоҳ беришдан бош тортишди.
Даставвал Бишкекнинг Первомай район суди Сабировни оқлаб, унинг собиқ ёрдамчиси Мирзамаметовни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этганди.
Ўшанда давлат айбловчиси собиқ министрни 15 йилга, унинг ёрдамчисини 14 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраганди.
3 октябр кунги маҳкамада Сабиров ёрдамчиси ўз кўрсатмаларини бошчиси фойдасига ўзгартирганди — у Сабировнинг айбсиз эканини таъкидлай бошлаганди.
Бироқ бугунга келиб у бошида берган кўрсатмаларига қайтди ва Сабировнинг айбдор экани ҳақида кўрсатмалар бера бошлади.
Бош прокуратура 2012 йилнинг июл ойида Сабиров ёрдамчиси Тахир Мирзахметов баёнотига таяниб, собиқ мулозимга қарши жиноий иш қўзғаганди.
Махсус хизмат ходимлари Сабировни 5 июл куни қўлга олганди.
Мулозим ўзига қўйилаётган барча айбловларни рад этиб келади.
«Мен айбловнинг бирор биндига ҳам рози эмасман. Мен ҳеч кимдан пора талаб қилмаганман», – деганди Сабиров ўз иши бўйича ўтаётган маҳкамаларнинг бирида.