Ўшда талабаларни ташвиқот тадбирига мажбурлаб олиб келиш ҳақидаги ведео бўйича «Азаттык» сиёсий партияси журналист Идирис Исаковнинг устидан МСКга шикоят қилди. Партиянинг вакиллари видеодаги маълумот тўғри эмас ва сиёсий ташкилотнинг обрўсига путур етказади деб билдиришди.
«Азаттык» партияси МСКга мустақил журналист Исаковни YouTube каналига раддия материаларини бепул эълон қилишга масъул қилиб, «Номзод ҳақида атайин ёлғон маълумот тарқатиш» ва «Номзоднинг қадрини, шаънини ҳамда обрўсини тўкувчи маълумотлар тарқатиш» моддаси бўйича жавобга тортишни талаб қилган.
Бу қандай репортаж эди?
Аввалроқ Исаковнинг YouTube-каналига эълон қилинган видео репортажда ЎшДУнинг ва ЎшТУнинг талабалари ўқитувчилар ҳамда факультет декани уларни ташвиқот тадбирига олиб келганини айтиб беришган. Ўша куни, 3-ноябрда «Азаттык» партияси майдонда ташвиқот тадбирини ўтказган. Унга юздан ортиқ киши қатнашган.
Милиция мазкур воқеа бўйича «Маъсурий ресурсни суиистеъмол қилиш» моддаси билан судгача текширув бошлаган, талабалар ва ўқитувчилар сўроққа олинган. ЎшДУнинг икки ўқитувчисига хайфсан эълон қилиниб, Педогогика, психология ва жисмоний тарбия факультетини деканига огоҳлантириш берилган.
Аммо «Азаттык»нинг номзоди, собиқ депутат Жилдизкан Жолдошова Ўш шаҳридаги ташвиқот тадбирида қонун бузарлик бўлмаган деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Жолдошова ташвиқот тадбирига талабаларни ўқитувчилар олиб келганини аниқлаган журналист Идирис Исаковни «кимнингдир буйруғини бажарди», «нотўғри маълумот тарқатди» деб билдирган.
Тергов амаллари давомида ташвиқот тадбирига қатнашган талабаларнинг бари балоғатга етмаганини аниқлаган. Иш уч кун тергов қилиниб, судга жўнатилган.
9-ноябрда Министрлар кабинетининг теакчиси Акилбек Жапаров Ўшдаги талабалар «Азаттык» партиясининг ташвиқот тадбирига қатнашгани учун ЎшДУнинг ректори Кудайберди Кожобеков ишдан олинганини, шаҳар мэри Алмаз Мамбетовга хайфсан эълон қилинганини билдирган.
Кожобековдан ташқари ЎшДУнинг Педагогика, психология ва жисмоний тарбия факультетининг декани Бактибек Муратбаев ва уч ўқитувчиси ҳам ишдан бўшатилган. Шунингдек таълим вазири Болот Купешевга ва шаҳар мэри Алмаз Мамбетовга ҳам хайфсан эълон қилинган.
Министрлар кабинетининг етакчиси Акилбек Жапаров давлат ходимларини ва раҳбарларни сайлов олди жараёнларига аралашмасликка чақирган.
«Ўзингларга тегишли хизмат вазифаларингизни бажаринглар. Сизларнинг вазифаларингиз – сайловларни ўтказиш учун шароитни таъминлаш. Фуқаролик позициясини сайлов куни овоз бериш орқали билдира оласизлар. Бугунги кунда сайлов жараёнига аралашманглар», —деб билдирган Жапаров.
Шу билан бирга у Лайлак туманининг ҳокими Алмазбек Рахманкулов ишдан бўшатилганини, Исфана шаҳрининг мэри Чингизбек Рисовга хайфсан эълон қилинганини қўшимча қилган. Амалдорларнинг иккиси ҳам сайлов қонунини бузгани аниқланган. Минкабнинг маълумоти бўйича ташвиқот ишлари бошлангандан бери МСК ва ИИВ 59 қонун бузарликни рўйхатга олган.