Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Таалатбек Масадиқов 4 ноябрда Афғонистондаги вазиятга бағишланган халқаро анжуманда Қирғизистон ҳукуматининг толибларга нисбатан позициясини баён қилди.
«Толибон» Қирғизистон ва бошқа мамлакатларда тақиқланган ва террорчи ташкилот деб эълон қилинган радикал исломий ҳаракатдир. 2021 йилнинг ёзида Толибон Афғонистонга босиб олган.
«Мамлакатимизнинг позицияси шундан иборатки, бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг вакиллари каби биз [Толибон ҳукуматини] тан олиш масаласини кўтарганимиз ҳам, муҳокама қилганимиз ҳам йўқ. Аммо биз Афғонистон ҳукумати де-факто Толибонга айланганидан кейин маслаҳатлашувлар ва мулоқотлар ўтказишимиз керак, деб ҳисоблаймиз», — деди Масадиқов.
Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари музокаралар ҳозирда «ҳамма учун муҳим» бўлиб турганини таъкидлади.
«Дунёдаги барча можаролар, жумладан, йирик урушлар ҳам фақат музокаралар йўли билангина ҳал этилади. [Афғонистоннинг] де-факто ҳукуматини бугунги кунда яккалаб қўйиш тўғри эмас, деб ўйлайман», — деди Масадиқов.
Масадиқов Қирғизистон Афғонистонга қўлидан келишича гуманитар ёрдам кўрсатаётганини қўшимча қилди. Масадиқов бунга қадар бир неча бор Афғонистонга сўзлашувлар учун бориб келган ва у ерда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказган.
«Бу орада жаҳон матбуотида ёзилган маълумотлар билан мамлакатдаги бугунги вазият ўртасида катта фарқ бор. [...] Деярли барча давлатлар конференцияларда диолог олиб бориб, [Афғонистонга] ёрдам бериш кераклигини айтишди. Менимча, де-факто Толибон ҳукуматининг вакиллари [турли мамлакатлардан] ўзига нисбатан айтилган инклюзив ҳукумат яратиш, аёллар ва болалар ҳуқуқлари бўйича турли талаб ҳамда шартлардан чарчаган бўлса керак. Мамлакатлар Афғонистон ҳукуматига ёрдам беришдан олдин бу талаблар бажарилишини талаб қилмоқда»,— деди у.
Қирғизистон ва «Толибон» билан музокаралар
Қирғизистон «Толибон» тарафидан тайинланган ҳукумат билан расмий учрашув ўтказган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлган. Учрашув 23-сентабрда Кобулда ўтган, унга Масадиков президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Жээнбек Кулубоев билан бирга борган.
Кейинроқ маълум бўлишича, Масадиқов Афғонистонга Толибон билан мулоқот тарафдори бўлган президент Садир Жапаров топшириғи билан борган. Тақиқланган ташкилот вакиллари билан Қирғизистон ва Қозоғистон элчилари ҳам учрашган.
21-октабрда «Валдай» форумида Россия президенти Владимир Путин «Талибон»ни террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариш тарафдори эканини айтди. Унда Путин қарор БМТ даражасида қабул қилиниши керак деб билдирган.
Толибоннинг Афғонистонни босиб олиши
«Толибон» радикал ҳаракатининг жангарилари Афғонистон ва унинг пойтахти Кобулни эгаллаб олиш ҳаракатини майдан августгача бир неча ой давом эттирган. Толибон ҳужуми АҚШ ва унга иттифоқдош давлатларнинг ҳарбийлари Афғонситонда 20 йилга яқин бўлгандан кейин чиқарилаётган вақтда бошланган.
16 августда «Толибон» жангарилари Кобулдаги президент саройига бостириб киргани ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгани маълум бўлган.
Толиблар аёллар ва этник озчиликларнинг ҳуқуқлари бўйича кўплаган ваъдаларни берган. Аммо ваъдалари унинг ҳаракатларига уйғун эмас.
21 октябрда йигирма нафарга яқин афғон аёллари ўз ҳуқуқлари учун маршга чиққан — «Толибон» аъзоси хорижлик фотографни қуролнинг учи билан уриб, тепиб юборган. Яна бири журналистни калтаклаган. Сентябрь ойидаги аёллар ҳуқуқлари учун ўтган марш куч билан тарқатилган.
Толибон афғон аёлларидан юзларини ёпиб юришни талаб қилган. Ҳукуматни эгаллаб олгандан кейин илк ҳафтада толиблар аёлларга «хавфсизлик мақсадида» уйдан ишга чиқишни тақиқлаган. Афғон аёлларига эркакларнинг ҳамроҳлигисиз бозорда озиқ-овқат ҳам сотилмайди, давлатнинг жанубидаги Қандаҳорда эса аёллар поликлиникалари фаолиятни тўхтатган.