МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевнинг укаси Шайирбек Ташиевнинг устидан МСКга ариза тушган. Сабаби махсус хизматнинг бошчиси сайлов вақтида ҳамқишлоғи Барпи қишлоғининг турғунига уйнинг калитини топширган. Сайлов қонунинг 28-моддасида номзодлар ва уларнинг яқин қариндошларига хайрия қилиш билан шуғулланиш тақиқланади.
Шайирбек Ташиев сайловга №14 Жалолобод сайлов округидан номзодини кўрсатган. Ташиевлар туғилиб-ўсган Сузоқ туманидаги Барпи қишлоғи шу ҳудудга киради.
МСКнинг ишчи гуруҳи аризани қабул қилиб, ишни тергов қилиш учун ИИВга юборган. 26-октябрда Жалолобод ВИИБидан Сузоқ туман милициясига таяниб, уйни Камчибек Ташиев эмас, тадбиркор Абдимиталип Мамитов ва қишлоқ турғунлари қуриб беришганини билдиришди.
Калитни эса МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев топширганини, «ўша вақтда қишлоқда бўлгани учун турғунларнинг илтимоси билан топширган» деб тушунтирди.
Милиция нималарга эътибор бермаган?
22-октябрда Камчибек Ташиевга қарашли «Регион» телеканали у Барпи қишлоғидаги Муратовларнинг оиласига тўрт хонали уй топширганини намойиш қилган лавҳа берилган. Унда Муратовлар уйга муҳтож бўлгани сабаб қишлоқ оқсоқоллари Ташиевга мурожаат қилгани айтилган. Натижада икки ой ичида мазкур оила учун уй қурилган.
«Мана уйнинг калити, буларнинг ҳаммаси сенга [...] Оқсоқоллар, сизларнинг рухсатингиз билан шу уйни қуриб бериб, ўтганда мен дуоларингизни, фотиҳаларингизни олгандим. Кейин ерни бўлиб бериб, шу болага беряпмиз. Шу ерда ували-жували бўлсин. Рухсат берсангизлар топшириб қўяй», — деган Ташиев уйни топшириш маросимида.
Кейин оқсоқоллар Ташиевга фотиҳа беришган. Уйлик бўлган турғун Камчибек Ташиевга миннатдорчилик билдириб, ниятига етганини айтган.
Барпи қишлоғининг турғунларидан бири Абубакир Кадиров бу уйни Камчибек Ташиев «ўз пулига қуриб берганини» билдириб, у «уйга муҳтож бўлган одамларга ҳам қуриб беришга тайёрлигини» эканини таъкидлаган. «Регион» телеканалининг директори Ўткурбек Рахманов уй МХДҚнинг раиси ҳисобидан қурилганини тасдиқлаган.
«Камчибек Ташиев Сузоқ туманидаги Барпи қишлоғидаги мухтож оилага ўз маблағи эвазига уй қуриб берди», — деган ёзув билан Рахманов фейсбук гуруҳларга юқоридаги сюжетни бўлишган.
Бироқ Жалолобод ВИИБдан нима сабабдан милициянинг версияси «Регион»нинг сюжетидаги маълумотга мос келмаслиги бўйича изоҳ бера олишмаган.
«Бошида маълумот тушганда биз текширув ўтказдик, бунинг натижасини бердик [...] [Маълумотлар бир-бирига] тўғри келмаяпти деганда биз ҳал қилолмаймиз, бу ҳал қиладиган органлар бор. Текшириб беришди, маълумотни бердик», — деди «Клооп»га вилоят милициясининг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев.
Шунингдек, Жээнтаев тадбиркор Абдимиталип Мамитов ҳақида батафсил маълумот беролмади.
Милициянинг версиясини номзод Шайирбек Ташиев ҳам тасдиқламоқда. У Vesti.kg нашрига интервью бериб Барпидаги уйнинг қурилишига уларнинг оиласини алоқаси йўқлигини айтган.
«Унинг [Абдимиталип Мамитов] бизнинг оилага алоқаси йўқ. Менинг акам [Камчибек Ташиев] қишлоққа келганда халқнинг ва қурилишга асосий маблағни сарфлаган тадбиркорларнинг номидан калитни топширишни сўради», — деди Шайирбек Ташиев.
Шунингдек, «Регион» телеканалининг материалида тадбиркор Мамитов ҳақида сўз бўлмаган. Шу сабаб милициянинг ва Ташиевларнинг версияси гумон яратмай қўймайди.
МСКнинг матбуот хизматидан Шайирбек Ташиевнинг устидан тушган ариза бўйича ишчи гуруҳ «қонун бузиш аниқланмаган» деб «Клооп»га билдиришди. Шунингдек, МСКнинг навбатдаги йиғинида бу масала қаралиб, охирги қарор қабул қилиниши билдиришди.
МСКнинг сайловчиалрнинг рўйхати ҳақидаги базасидаги маълумотга кўра, 53 ёшдаги Абдимиталип Мамитов Сузоқ туманига қарашли Жар қишлоғида рўйхатда туради. Юстиция вазирлигида Мамитовга рўйхатга олинган компанияларни топишга имкон бўлмади. Шу сабаб очиқ манбалардан уни ҳақиқатда тадбиркор бўлганини ҳам тасдиқлай олмадик.
Қирғизистонда парламент сайлови 28-ноябрга белгиланган, унга 592 млн 531 минг сом сарфланади. Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш янги Конституцияга мувофиқ аралаш система билан ўтади — 54 депутат партия рўйхатида, 36 депутат бир мандатли округ билан. Партиядаги номзодлар «очиқ рўйхат» билан сайланади.