Бишкекнинг Биринчи май туман ички ишлар бошқармаси блогер Гулзат Алимкуловани (Гулзат Мамитбек) фирибгарликда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда Бишкек ШИИБининг матбуот хизмати 26-октябрда маълум қилди.
Маълумотга кўра, 2020-йили милицияга Гулзат Мамитбек устидан етти фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўраган. Жабрланувчилар блогер уларнинг «ишончига кириб, катта даромад ваъда қилиб пулларини олганини» билдиришган. Зарарнинг умумий миқдори 110 минг доллардан ошади.
Биринчи май ТИИБи «Фирибгарлик» моддаси билан иш қўзғаган, бироқ гумондор 2020-йилнинг февраль ойининг бошида ўлкадан чиқиб кетган.
«Гулзат Алимкуловага ўша йилнинг 8-июнида “Фирибгарлик”да гумонланаётгани ҳақида сиртдан билдирув берилган [...] Шу сабаб 13-июнда Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди сиртдан эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, №1 ТИЗОга қамаш қарорини чиқарган», — деб айтилади маълумотда.
Гумонланувчи қидирувда бўлгани сабаб 2020-йилнинг 8-августида тергов вақтинча тўхтатилган. Гулзат Мамитбек 25-октябрда ўлкага қайтганда қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилган.
Жамоатчиликда мотиватор сифатида танилган Гулзат Мамитбек Инстаграм саҳифасида Туркияда ишлаётганини айтиб, сурат, видеолари билан бўлишган. Охирги марта «Супер Инфо» газетасига интервью берганда Аланья шаҳрида қарзларини тўлаш учун ишлаётганини билдирган.
У 2017-йили ўзини «Жаңы Кыргыз деми» деб атаб, мотивация берувчи контент тайёрлаб келган. Шунингдек, у High Time тил ўргатиш курсига асос солган.