Жапаров билан Жээнбеков Раззаковнинг 110-йиллиги муносабати билан ўтган тадбирда бирга қатнашди

Президент маъмурияти 25-октябрда қирғиз миллий филармониясида давлат ва жамоат арбоби Исхак Раззаковнинг 110 йиллигига бағишланган тадбир ўтганини маълум қилди.

Тадбирда президент Садир Жапаров сўз олди. Томошабинлар қаторида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам бор эди. Қирғизистоннинг икки президенти — амалдаги ва собиқ президент олдинги қаторда ўтиришди.

Жээнбеков ва Жапаров филармонияда. Сурат: Президент маъмуриятининг матбуот хизмати.

Шунингдек, ОАВда Жапаров билан Жээнбеков Исхак Раззаков ҳақидаги баёнотни эшитаётган видео тарқади.

Бунгача Жапаров бир йиллик ишини натижаси бўйича ўтказган матбуот анжуманида Жээнбеков хизматни халқнинг истагини ҳисобга олиб бўшатиб берган деган. Шунингдек, у Жээнбековнинг собиқ президент мақоми олинмаслигини таъкидлаган.

Жээнбековнинг истеъфоси

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков 4 октябрдаги парламент сайловидан кейин бошланган сиёсий инқироз вақтида 2020 йилнинг 15 октябрида истеъфога кетган. Бу тартибсизликлар вақтида собиқ депутат Садир Жапаров тарафдорларининг ёрдами билан қамоқдан чиқарилган ва ўлканинг премьер-министри ва президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Жээнбеков қайта парламент сайлови ўтказилгандан кейин давлат раҳбарлигидан кетишга тайёрлигини айтган. Бироқ Жапаровнинг тарафдорлари уни тез орада истеъфога чиқишини талаб қилиб, Жээнбеков бу талабни бажаришга мажбур бўлган.

Кейин у собиқ президент мақомига эга бўлиб, давлат томонидан тегишли имтиёзларга эга бўлган.

Президентлар бунгача ҳам жамоатчиликка бирга чиқишган, бироқ бундай яқинликда бўлишмаган. Жээнбеков истеъфога кетгандан кейин омма кўзига биринчи марта 7-ноябрда кўринган.

Унда Жапаров, Жээнбеков ва Роза Отунбаева тарих ва ота-боболарни хотирлаш кунида «Ата-Бейит» миллий-тарихий мемориал комплексига бирга боришган.