Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги 43 тиббий тез ёрдам машинасини сотиб олишга тендер эълон қилди. Тендер давлат сотиб олишлар порталида эълон қилинди.
Танлов талабига кўра, вазирлик 43 тез ёрдам машинасини олишга 167 млн 700 минг сом сарфламоқчи. Тендер 8-октябрда эълон қилинган, бу 1-ноябргача давом этади.
Тендернинг техник топшириғида машиналар маҳаллий иқлим шароитида тинимсиз ишлашга яроқли, шунингдек тезкорликка тайёр бўлиши керак деб айтилган.
Қирғизистонда тез ёрдам машиналари етишмовчилиги бир неча йилдан бери кузатилади. Айниқса, бу масала 2020-йилнинг июнь-июль ойларида, аниқроғи пандемия кучайганда сезилган.
Ҳукумат баъзан тез ёрдам машиналари келганини ва сотиб олгани ҳақида маълум қилиб туради. Бундан ташқари, 2019-йилнинг бошида ҳукумат «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасидан тушган жарималарнинг бир қисмини тез ёрдам хизматини ривожлантиришга сарфлашга қарор қилган.