Ўш шаҳрида пиёдалар йўлагидан ўтиб кетаётган 8 ёшдаги ўқувчи қизни уриб кетиб, қочиб кетган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш ШИИБнинг патрул хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, воқеа 28-сентябрь куни соат 18:30лар атрофида бўлган. Ўқувчи Аскар Шакиров кўчасидаги «Манас-Ата» кафесининг олдидаги йўлдан ўтиб кетаётганда «Дэу-Матиз» машинаси уриб кетиб, кейин «Хонда-СРВ» русумидаги автомашинанинг олдини уриб воқеа жойдан қочиб кетган.
Ҳодиса видео-кузатув камерасига ҳам тушиб қолган. Унда қиз ўтиб кетаётган вақтда машиналар тўхтаб турган, бироқ йўлнинг тўлиқ кўринишини пиёдалар йўлагидан ўтиб тўхтаган маршрутка тўсиб турган. Қиз машина йўқ деб ўйлаб, югуриб ўтиб кетаётганда «Дэу-Матиз» катта тезликда келиб, қизни бир неча метр узоқликка учириб юборган.
Натижада ўқувчи тан жароҳати олиб, Ўш вилоят болалар касалхонасига етказилган. Ҳозирда қизнинг аҳволи қандай экани бўйича маълумот олишни имкони бўлмади.
29-сентябрь куни ҳайдовчи топилиб, Ўш ШИИБнинг тергов хизматига ўтказиб берилди. Ҳайдовчи шаҳарнинг 27 ёшдаги турғуни экани аниқланиб, машинаси жарима майдонига киритилди.