Россиянинг Иркутск шаҳрида ишлаб юрган қирғизистонликларни номаълум киши 246 минг рубльга алдаб кетди. У қирғизистонликларга рус фуқаролигини олишга ва вақтинча рўйхатда туришга ёрдам беришни ваъда қилган. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги 13-сентябрда хабар қилди.
«Бу одам ваъдасини бажармай, қоча бошлаган ва фуқаролардан олдин олинган пулларни қайтаришдан бош тортган», — деб билдиришди элчиликдан.
Жабрланганлар ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган, бироқ Россиянинг куч органлари «жиноят аломатлари йўқ» бўлгани сабаб жиноий иш қўзғашдан бош тортган.
Шу сабаб қирғизистонликлар элчиликнинг Иркутск шаҳридаги вакиллигига ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Дипломатлар Иркутск вилоятининг прокуратурасига мурожаат қилиб, натижада «Фирибгарлик» моддаси билан жиноий иш қўзғалган.
«Суд текшируви асосида жиноий ҳаракатлар натижасида келтирилган моддий зарар тўлиқ тўлаб берилди», — деб айтилади қирғиз элчилигининг маълумотида.
Россияда 1 млнга яқин қирғизистонлик ишлайди ёки билим олади.