Жумгал: Эпкин — Баш-Кууганди авто йўлини Хитой ширкати қуради

407

Шимолий — Жануб муқобил автомобил йўлининг Жумгал туманидаги Эпкин — Баш-Кууганди ҳудудини China Railway No. 5 Engineering Group Co. Ltd хитой компанияси қуради. Бу ҳақда Транспорт ва йўллар вазирлиги маълум қилди.

Вазирликдан тендернинг натижаси 8-сентябрда чиққанини, мазкур компания ғолиб бўлганини билдиришди. Йўл қуриш ишлари октябрь ойида бошланади. Бироқ қурилиш ишларига ғазнадан қанча маблағ кетишини маълум қилишмади.

«Ҳафтанинг охирида тендердан ютган China Railway No. 5 Engineering Group Co. Ltd компанияси ва Gentek маслаҳат компанияси билан биргаликда ёлланма компаниянинг ходимлари жойлашган ерини аниқлаш учун жой-жойларни айланиб, ускуналар ва материалларни сақловчи лагерни тузади», — деб ёзилади вазирлик тарқатган маълумотда.

Жамгалнинг турғунлари мана шу Эпкин — Баш-Кууганди йўли тўрт йилдан бери қурилиши битмаётганидан норози бўлиб митингларга чиқиб келишади.

Охирги акция 21-июлда ўтган.

Норозилик намойишига чиққан турғунлар ҳукуматга «бир ҳафтанинг ичида йўл қурилиши бошлансин» деган талабни қўйиб, агар бу талаб бажарилмаса унда «кўмир ўтказмаймиз» деб билдиришган.

Жумгал туманидаги Эпкин — Баш-Кууганди йўли.

Бир томонлама бекор қилинган шартнома

Жумгал туманининг Шимолий-жануб муқобил йўлига киради. Бу йўл Осиё тараққиёт банки ҳисобидан 2019-йили қурила бошлаган. Йўлни италиялик Todini Costruzioni Generali Company компанияси қурмоқда.

Бироқ қирғиз ҳукумати мазкур компания билан бўлган шартномани 2020-йили бир томонлама тўхтатган. Бунга тендерларни ўтказишда коррупция схемаси аниқлангани сабаб бўлган.

2018-йилнинг декабрь ойида транспорт ва йўллар вазирининг собиқ ўринбосари Азимкан Жусубалиев 50 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга олинган.

Махсус хизматнинг маълумоти бўйича, бу Шимол— Жануб муқобил йўлининг бир қисми Эпкин — Дийкан йўлининг қурилиши бўйича тендерда ғолибликни таъминлашни 520 минг долларга баҳолаб, қўлга тушгунча 120 минг доллар олган.

2019-йили Бишкекнинг Биринчи май туман суди Азимкан Жусубалиевни коррупция бўйича айбдор деб топиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилган. Судланганидан 3 ой ўтмай Биринчи май туман суди Жусубалиевнинг ишини қайта кўриб чиқиб, жазо муддатини икки йилга қисқартирган.