Жалолобод вилоятининг Чотқол туманига қарашли Терек-Сай қишлоғининг 20га яқин турғуни 8-сентябрда норозилик билдириб, пиёда юришга чиқишди. Улар олтин қазған «Эти Бакыр Терексай» ишхонаси экологияга «катта зарар» келтираётганини айтиб, турғунларга компенсация тўлаб беришини талаб қилишди.
Турғунларнинг айтишича, улар аввал ҳам ҳукуматга мазкур компаниянинг ишини тўхтатишни талаб қилиб хат юборишган, бироқ муаммо ҳал бўлмаган. Улар муаммо ҳал бўлмаса, «кўтарилишга чиқиб, компаниянинг ишини ўзимиз тўхтатамиз» дейишди.
«Ўз еримизда ўзимиз хор бўлиб қолдик»
Акцияга чиққан Терек-Сай қишлоғининг турғуни Юлдашбай Дамиров «ҳукумат халқ билан ҳисоблашмай, компания томон бўлмоқда» деган фикрда.
«Бизни ҳукумат Терек-Сай қишлоғининг аҳолиси билан яхши ишлай олмаяпти. Биз Жогорку Кенешгача хат юборганмиз. “Вақт беринглар” деб деб шу кунга келди. Компания ишлаган вақтдаги чангни айтмаса ҳам бўлади. Мартдан чанг бошланади, бугунги кунгача чанг ютиб юрибмиз. «Эти Бакыр Терексай» компанияси босмачилардай халқ билан ҳисоблашмай бостириб кирди. Яйловларни барини бузиб бўлишди», — деди Дамиров.
Митингнинг яна бир иштирокчиси Айдайкан Суранова компания ерларни ёргани сабаб уйларда ёриқлар пайдо бўлиб, ерда ўсимлик ўсмай қўйганини айтди. У «халқ бақириб чиққани билан ҳукумат уларни эшитмаяпти» дейди.
«Бу Турк фирмаси қишлоқ турғунларини одам деб ҳисобламайди. Тунда портлатишади, уйлар ёрилиб, ойналар синиб ётибди. Маҳаллий ҳукумат эса ухламоқда, ҳеч нарса билан иши йўқ. Эплаб-сеплаб сув сочгандай бўлишади, бир соатга етмай қуриб қолади. Чангдан касаллик турлари тарқалмоқда. Ҳаммамиз касал бўлиб қолдик. Ўз еримизда ўзимиз хор бўляпмиз», — деди Суранова.
Яна бир турғун Айчурўк Бекмуратованинг айтишича, чанг сабаб беш ёшли боласи астма касаллигига чалинган. Бекмуратова бу касалликка қўшниларининг болалари ҳам чалинганини таъкидлади.
«Болам йўталганда касалхонага бориб кўринсак, астма бўлиб қолибди. Уч ой ичида шу касалликка айланган. Шифокорлар ўзлари ҳам “биринчи аллергия, кейин бронхит бўлиб, астмага ўтиши керак эди” деб ҳайрон қолишди. Бени боламда ҳам астма пайдо бўлиши экологиянинг бузилишидан экан. Фақат мени болам эмас, қишлоқдаги кўп болалар оғрийди», — дейди у.
Норозилик пиёда юришига ёш ўсмирлар ҳам қатнашиб, «Бизга тинчлик керак!», «Биз тоза ҳаво билан яшаймиз», «Тоза экология ёшларнинг келажаги» деган плакатларни кўтариб чиқишди.
Чотқолликларни чарчатган муаммо
Шу йилнинг 23-январида Терек-Сай қишлоқ ҳудудида «Эти Бакыр Терексай»га тегишли олтин сараловчи фабрикада тундургуч портлаб, унинг ичидаги қолдиқлар аҳоли сув ичадиган дарёга қўшилиб кетган.
Маҳаллий турғунлар қолдиқлар орасида цианид борлигини айтишган эди. Ҳукумат эса дарёга кўмирнинг қолдиқлари оққан деб билдириб, яшовчиларни дарёдан сув олмай туришга чақирган.
Қолдиқлар эса экспертизага юборилган. «Эти Бакыр Терексай» ишхонасининг асосчиларидан бири «Кыргызалтын» 24-январга кўра ҳодиса оқибатлари тўлиқ бартараф бўлганини билдирган.
Мазкур қишлоқнинг турғунлари биринчи марта норозилик билдирмади. 2021-йилнинг февраль ойида Терек-Сай қишлоғининг турғунлари «Эти Бакыр Терексай» олтин қазиш компаниясини уларнинг уйлари яқинида олиб борган портлаштиш ишларидан норози бўлишган. Турғунларнинг айтишича, ишхона тоғ-конларини портлатгани учун уларнинг уйларига тош тушиш хавфи ҳам бор.
Қишлоқдаги айрим турғунлар тош қулаб кетиш хавфи юзага келгани сабаб оиласини олиб кўчиб кетишга мажбур бўлишган. Бироқ ҳукумат томонидан ҳам, ишлаётган компания омондан ҳам маҳаллий турғунларга ҳеч қандай ёрдам бўлмаган.
«Эти Бакыр Терексай» ишхонасига лицензия берилиб, қишлоқнинг яқинида ишлаётгани сабаб атрофдаги уйлар «санитар зонага» кириб қолган.
Компаниянинг фаолиятига маҳаллийлар 2018-йилдан бери норози бўлишади. Турғунлар ўша вақтдаги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбековга Жогорку Кенешга компаниянинг ишини тўхтатиш ҳақида хат юборишган. Бироқ ҳукумат томонидан ҳеч қандай реакция бўлмаган.
Туркиялик «Эти Бакыр Терексай» компанияси 2015-йили Терек-Сайдаги конни ишлатиш бўйича танловда қатнашиб, конни 20 млн долларга сотиб олган. Ҳозирда «Эти Бакыр Терексай» ишхонасида «Кыргызалтын»нинг 25 фоиз акцияси бор.
Муаллиф: Дилде Шатанова