Бишкекда 7-сентябрда ҳукумат уйи олдида ўқитувчилар билан тиббиёт ходимларининг митинги бўлди. Улар министрлар кабинетидан ваъдасини бажариб, уй олиш учун ипотека фоизини йилига 4% гача камайтиришни талаб қилишди.
Давлат ходимлари баҳорда ипотеканинг устама фоизини камайтиришга ваъда берганини эслатишди.
Митингга қанашганларнинг бири Асел Конурбаева 2017-йили 10 фоиз билан ипотекага уй олганини айтди.
«Дастлабки тўлови оз эди, 15 йилга олганман. Уч йил ичида ипотека 8%гача тушди. Бу ҳам катта сумма. Аниқлик киритиш учун айтиб ўтсам: Мен 14-15 минг сом ойлик оламан, унинг 9 минг 200 соми ипотекага кетади», — деди у.
Митингнинг яна бир иштирокчиси ҳукуматга бир неча марта мурожаат қилишга ҳаракат қилганини айтди: Давлат ипотека компаниясига, министрлар кабинетининг бошчиси Улукбек Мариповга ва президент Садир Жапаровга хат йўллашган. Бироқ улардан ҳеч қандай жавоб бўлмаган.
«Бугун бу ерга оддий ўқитувчилар билан шифокорлар чиқдик. Бизнинг ҳукумат куч тизимларида ишлаганларга бепул уйларни беряпти. Биз бепул уй олишдан умид қилмаймиз, фақатгина ваъдасини бажариб, устама фоизни 4%га камайтиришни сўраймиз», — деб билдирди шифокор Гулнара Сооронкулова.
Видео: Kaktus.media
Йиғилганларнинг айтишича, давлат ипотека компанияси ўқитувчиларга дастлабки тўловсиз уй сотиб олишга шароит яратган янги дастур ишлаб чиқишга ваъда берган. Бироқ бундай бўлмади.
Шунингдек, давлат ипотека компанияси 2021-йилнинг июлида Қирғизистонда «Менинг уйим 2021–2026» турар-жой дастури расмий турда ишга тушганини билдирган. Шу асосида ипотека фоизи 4%гача камайтирилиб, уйга тўлаш 25 йилгача узайтирилган. Унда давлат ипотека компаниясининг матбуот хизмати энди дастлабки тўлов бекор қилинганини билдирган.
Бироқ, давлат ипотека компаниясининг сайтида «Менинг уйим 2021-2026» дастурини амалга ошириш 2021-йилнинг 16-сентябрига режалаштирилгани ёзилган.
Бироқ дастлабки тўлов бекор қилинмаган. Дастурнинг иштирокчиси сотиб олинган мулкининг нархини 10% дан кам бўлмаган миқдорини тўлаши керак ёки қўшимча гаров бериши керак. Насиянинг максимал суммаси 4 миллион сомдан ошмаслиги керак.
Давлат ипотека компаниясининг 2015-йилдан 2020-йилгача биринчи босқичида 5240 одам уй билан таъминланган. Ҳозир уй олиш учун 10 мингга яқин одам билдирув юбориб, навбатда туради.
«Қулай турар-жой 2015-2020»
2015-йили «Қулай турар-жой 2015-2020» дастури қабул қилиниб, ҳукумат буни амалга оширишни Давлат ипотека компаниясига топшириб, лойиҳани амалга оширишга 3,3 млрд сом ажратилгани айтилган.
ДИК дастури асосида тижорий банклар билан шартнома тузилиб, фуқароларга камайтирилган фоизлар билан ипотека насияларини берган. «Қулай турар-жой» орқали ипотека насияларини олган биринчи мижозлар 12-14% билан олишган.
Фоизларни камайтириш учун ҳукумат 2019-йилнинг май ойигача Давлат ипотека компаниясига 4,8 млрд сом ажратган. Бу вақт оралиғида 12-14%дан 7-9%гача тушган. Бора-бора ипотека насияларнинг фоизи камайиб, 2019-йилнинг 1-ноябридан бошлаб 6-8% билан берила бошлаган.
Пандемия сабаб пайдо бўлган ишсизлик фуқароларнинг кўпчилигига муаммо яратди. Давлат ипотека компанияси насия олувчиларни қўллаш мақсадида тўловлар муддатини узайтириб беришни таклиф қилгани билан насия олувчилар ипотекани тўлашга имкони йўқлигини айтган.
2019-йилнинг 23-декабрида бир гуруҳ фуқаролар ипотека насиясининг фоизини камайтириб беришни илтимос қилиб митингга чиқишган. Шунингдек улар ҳукуматга хат юборишган. ДИКнинг маълумотига кўра, пандемия вақтида ишхона 1 мингга яқин насияларнинг муддатини узайтирган.