Жалолободнинг турғуни милиция бўлимида вафот этган турмуш ўртоғи ўз ажали билан ўлганига ишонмайди

429
Жалолобод вилояти

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидаги Мундуз қишлоғида жойлашган Қизил-Туу ҳудудий милиция бўлимида вафот этган 48 ёшдаги кишининг аёли Дилбар Максутова турмуш ўртоғининг ўлимида милиция ходимларидан гумон қилмоқда.

Максутова «Super.kg» нашрига берган интервьюсида «Турмуш ўртоғимнинг сирли ўлимидан шубҳаланяпман. Мен милиция ходимларидан кўряпман. Улар қаттиқ калтаклаб қўйган бўлиши мумкин» деган.

Шунингдек, Максутова милиция ходимлари марҳумнинг яқинларига хабар қилмай, тиббий экспертизадан ўтказишганини айтиб норози бўлди.

«Эримни 31-августда милиция бўлимига олиб келгандан кейин ярим соат ўтиб вафот этибди. Ходимлар ўзлари билиб тиббий экспертизадан ўтказишган. Бироқ бизга эртаси куни хабар беришди. 1-сентябрда ўликхонадан олиб келдик. Ўғлим ювилаётганда қовурғаси синганини, қўллари қайрилиб қолганини ва бел томонида қора доғлар борлигини сезибди», — деган у.

«Ўғлимизни яқинда уйлантирмоқчи эдик»

Марҳум устачилик билан шуғулланган. Вафот этган куни эрталаб аёли билан сўзлашиб, ишидан 15 минг сом олганини айтган. Максутованинг айтишича, улар озик-овқат сотиб олиш учун бозорда учрашишга келишишган.

«Эрим 27-августда қўшни қишлоққа ишлагани кетган. Мен уни 31-августда излай бошладим. Эртаси куни касалхоналарга ҳам бордим. Турмуш ўртоғим ўлганини укамдан эшитдим. Олдин касал бўлиб комага тушиб қолди деди. Кўп ўтмай уйга жасадини олиб келишди», — деди Максутова.

Марҳумнинг ортида аёли, бир ўғли ва бир қизи қолди. «Қизимизни турмушга берганмиз, яқинда ўғлимизни уйлантирмоқчи эдик» деган Максутова эрининг ўлими адолатли тергов қилиниши учун милицияга ариза ёзишини билдирган.

Жалолобод ВИИБнинг матбуот хизматидан «Клооп»га тайинланган суд-тиббий экспертизанинг натижаси кутилаётганини, текширув ишлари давом этишини билдиришти.

«Тергов давомида ким айбдорлиги аниқланса, қонун доирасида жавобгарликка тортилади», — деб билдиришти Жалолобод ВИИБдан.

Бундан ташқари, милициядан Максутова ҳозирча милицияга ариза билан мурожаат қилмаганини қўшимча қилишди.

Сирли ўлим

31-август куни кечки соат 21:30 атрофида Мундуз қишлоғидаги дўконларнинг бирини эгаси «маст ҳолдаги киши тинчлик бермаётганини айтиб» ҳудудий милицияни чақирган.

Воқеа жойга навбатчининг ёрдамчиси бориб, маст кишини милиция бўлимига олиб келган. Қўлга олинган киши «ўзини ёмон ҳис қилаётганини» айтиб, сув сўраб ичган. Шу сабаб милиционер қишлоқнинг тез ёрдам бўлимининг шифокорини чақирган. У келиб биринчи ёрдамни кўрсатаётганда «номаълум сабабдан» вафот этган.

Сузоқ ТИИБнинг тергов-тезкор гуруҳи ва етакчиси Эрнис Сатаров, Сузоқ тумани прокурорининг ўринбосари Мирбек Тажибаев ва муассаса ходимлари воқеа бўлган жойга бориб, суд-тиббий эксперт иштирокида жасадни текширишган. Милиция унда марҳумнинг танасида «жароҳатлар кузатилмаган» деган.

Кейин марҳумнинг шахси аниқланиб, у Бозор-Қўрғон туманининг турғуни экани маълум бўлган. вилоят милициясидан киши «ўз ажали билан ўлганини» айтишгани билан ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилишган.

Мазкур факт ЖУРга «Топилган ўлик» моддаси билан қайд этилган.