Тожикистон сўзлашувлардан кейин «Головной»га яқин ерда хандақ қазиш ишларини тўхтатди

376
«Головной» сув тақсимлаш жойи. Сурат: «Клооп»

22-августда Баткен вилоятининг Тўрт-кўча ҳудудида Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара хизмати вакиллари яна учрашди. Унда «Головной» сув тақсимлаш жойига яқин ҳудуддаги ҳандақ қазиш ишлари ва Эки-Таш ҳудудида қирғиз фуқароларининг машинасига тош отиш масаласи қаралди.

Муассаса билдиришича, сўзлашувлар асосида тожик томон хандақ қазиш ишларини тўхтатди. Эки-Таш ҳудудида қирғиз фуқаросининг машинасига тош отиш бўйича «майда бебошлик» моддаси бўйича иш қўзғалиб, текширув бошланди.

«Чегара хизматининг вакиллари шунга ўхшаш воқеаларни олдини олиш учун маҳаллий турғунларга тушунтириш ишларини олиб борди. Тожик томон хандақ қазиш ишини тўхтатди», — деб ёзилади чегара хизмати маълумотида.

МХДҚ билдиришича, ҳозирда қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор.

«Головной» яқин ҳудудда хандақ қазиш

21-августда эрталаб Тожикистон «Головной»нинг яқинида чегара чизиғига шағал тўкиб, йўл таъмирлай бошлаган. Бундан ташқари, Оқсув дарёсининг ғарбий томонига экскаватор, беш КамАЗ билан келиб, хандақ қазиган. Чегара хизмати мазкур ишларни Тожикистоннинг Исфара шаҳрининг етакчилари олиб борганини билдирган.

Қирғиз-тожик чегара хизматининг вакиллари сўзлашувлар олиб бориб, кечки соат беш яримда тожик томон таъмирлаш ва қазиш ишларини тўхтатган. Бироқ 22-август куни эрталаб тожик томон ўртадаги келишувга қарамай хандақ қазиш ишларини яна бошлаган.

Муассасадан тожик томон келишувни олдин ҳам бузган ҳолатлар бўлганини таъкидлашган.

Икки машинанинг тошбўрон қилиниши

Чегара хизмати 22-августга ўтар кечаси Баткен — Исфана автойўлининг Эки-Таш ҳудудида номаълум кишилар Ўш томон кетаётган икки машинага тош отишганини билдирган.

Натижада «Мерседес-Бенц»нинг эшиги пачақланиб, «Хонда Стрим»нинг ойнаси синган. Йўловчи ва ҳайдовчилар жабрланган эмас.

23-июнда Баткен ВИИБнинг матбуот хизмати мазкур воқеа бўйича «майда бебошлик» моддаси билан иш қўзғалганини билдирди. Воқеа Тожикистоннинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи билан биргаликда текширилади.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов