Бир қанча ОАВлари ўз манбаларига таяниб, МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевнинг 16-августда ўғли Темирланни «Ала-Арча» давлат резиденциясида никоҳ тўй ўтказиб уйланганини ёзишди.
Нашрларнинг маълумотига кўра, тўйга 100 киши чақирилиб, уларга суратга тушиш тақиқланган. Шунингдек тўйга киришдан олдин телефонлари ҳам олиб қўйилган.
Тўйни таниқли бошловчи Чингиз Мирзаев олиб боргани, ёшларни эса эстрада юлдузлари қутлагани маълум қилинди. Қўшиқчилар орасида Самара Каримова ҳам борлиги айтилмоқда.
Шунингдек, давлат резиденциядан никоҳ тўй ўтганини инкор қилишди.
«Йўқ, қачон, қайси вақтда ўтиши мумкин? Бундай бўлса мен билишим керак эди. Маълумот ёлғон», — деб билдирди Super.kg газетасига «Ала-Арча»нинг директори Адилет Билимбек ўғли.
Бироқ махсус хизмат бошчисининг ўғли уйлангани ҳақидаги маълумотни фейсбукда «Туран» сиёсий партиясининг аъзоси ва фаол Эрлан Бекчоро ўғли ҳам маълум қилди. У «шивир-шивир гап эшитдим. Резиденцияда тўй бўляпти деб эшитдим. Иккинчи президент Кидиршаевич деб қиммат совғаларни кўтаргани кўп, беркитган пулларигача олиб чиқиб совғанинг қимматбаҳосини берайин деб киролмай қолгани бундан ҳам кўп дейди» деб ёзди.
«Туран» партиясининг лидери Жениш Молдокматов 2020-йили ҳукумат алмашишига олиб келган октябрь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланмоқда. Молдокматов «Ханституцияга қарши» ҳаракатини тузиб, бош қонунни ўзгартиришга қарши чиққан.
20-августда Бишкекнинг Свердлов туман суди партиянинг бошқа аъзоси Тилекмат Курўновни 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. У «ҳукуматни куч билан босиб олишга чақириқлар», «сайловчиларни сотиб олиш» моддалари бўйича айбдор деб топилди.
Темирлан Ташиевга нисбатан қўзғалган иш
Ташиевнинг уйланган ўғли ғилдирак ўғирлашда гумонланиб, 2013-йили қўлга олинган. Ўша вақтда милиция Темирлан Ташиев билан бирга яна уч ўсмирни қўлга олган. Улар Бишкекдаги 5-кичик туманда автомашинанинг ғилдиракларини чиқариб кетишга ҳаракат қилишган. Бир йилдан кейин иш судга ўтган, бироқ жабрланувчилар аризасини қайтариб олишган. Мазкур иш октябрь воқеаларидан кейин қайта қаралиши маълум бўлди.
Камчибек Ташиев — тажрибали сиёсатчи, ҳозирда миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси. Президент Садир Жапаров уни мазкур хизматга 2020-йилдаги октябрь ойида ҳукумат алмашгандан кейин тайинлади. Ташиев билан Жапаров «Мекенчил» партиясининг асосчилари ва кўпдан бери дўст.