Боткен: Прокуратура Сув хўжалиги ходимлари 2,9 млн сомлик зиён келтирганини аниқлади

225
«Головной»ни қўриқлаган ҳарбий. Сурат: «РИА Новости»

Баткен вилоят сув хўжалиги бошқармасининг масъул ходимлари давлатга 2,9 млн сом зарар келтирди. Бу ҳақда бош прокуратура 13-августда билдирди.

Баткен прокуратураси маҳаллий сув хўжалиги бошқармаси маблағларни ноқонуний сарфлагани бўйича уч фактни аниқлаган.

Уларнинг биринчиси Кўктош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлаш жойи билан боғлиқ. Бошқарма «Головной»ни таъмирлаш ва унга тегишли ускуналарни сотиб олиш учун тендер эълон қилган. Кейин ғолиб компаниянинг ҳисобига пулни ноқонуний ўтказган.

*«Головной» сув тақсимлаш жойи Баткен туманининг Кўктош қишлоғида жойлашган. Бу ерда Оқсув дарёсидан келган сув бўлиштирилади. «Головной» стратегик объект саналиб, уни Ички ишлар бошқармасининг ходимлари назорат қилишади.

«Мазкур бошқарманинг масъул ходимлари ёлланма компанияга ноқонуний 1 657 851 сом ўтказган. Улар ўз навбатида давлат сотиб олишларнинг мазкур объектни таъмирлаш бўйича талабларини бажарган эмас», — деб берилади бош прокуратуранинг билдирувида.

Шунингдек, сув хўжалиги бошқармаси Боткен туманининг Оқсой ва Капчигай насос станцияларини қуриш бўйича тендер эълон қилиб, ишни бажариш учун энг юқори нархни таклиф қилган компанияни ғолиб деб топган. Прокуратура шу сабаб давлатга 602 минг сомдан ортиқ зарар келтирганини билдирди.

Бундан ташқари Боткен вилоят прокуратураси мазкур муассасанинг ходимлари мукофот пули ва сафар харажатлари учун 651 минг сом ажратиб, бу пулларни ўзлари ўзлаштириб олишганини аниқлади.

Прокуратура бу фактларни «Лавозимдан фойдаланиш» моддаси билан рўйхатга олиб, судгача текширувни бошлади.