Ўш вилоятининг Аравон туманини 12 ёшли турғунини 16 ёшдаги қариндошини ўлдиргани аниқланди. Бу ҳақда «Клооп»га 28 июнда Ўш ВИИБнинг матбуот хизматидан билдиришди.
Милициянинг матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг маълумотига кўра, 25 июнда Аравоннинг 50 ёшли турғуни жиянининг жасадини ҳудудий касалхонага олиб келган. Экспертнинг иштирокида текширилганда ўсмир ўлдирилгани аниқланган.
Бундан ташқари, шу куни марҳумнинг уйидан 900 минг сом пул йўқолгани маълум бўлган. 27 июнда пулни ўғирлашда ва ўсмирни ўлдиришда гумонланиб марҳумнинг 16 ёшдаги қариндоши қўлга олинган.
Аширбаевнинг айтишича, гумондор туман ижтимоий ривожлантириш бошқармасининг ходими, адвокати ва бобосининг иштирокида сўроқ қилинганда «жиноятни тўлиқ тан олган».
«Ўсмир пулни ўғирлаётганда 12 ёшдаги қариндоши кўриб қолгани сабаб жиноятни яшириш мақсадида уни бўғиб қўйган. Марҳумга тегишли бўлган дарахтлар орасидан 783 минг 500 сом пул топилган», — деди Аширбаев.
Мазкур факт бўйича «Одам ўлдириш» моддаси билан иш очилиб, гумондор Аравон ТИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилган. ВИИБнинг матбуот котиби агар гумондор пулни ўғирлагани аниқланса, бу факт бўйича ҳам модда қўшилишини билдирди.
Жорий йилнинг 17 февралида Ўш вилоятининг Ўзган туманини 15 ёшдаги турғуни 3 ёшли болани ўлдиришга гумон қилиниб қўлга олинган.
У жиноятни тан олиб, марҳум бола «уят сўз айтгани учун уни тартибга чақириш мақсадида далага олиб бориб, юзига муштлаганини» айтган. Бироқ бола ҳушидан кетганда ердан тош олиб, бошини пачақлаб, қамишлар орасига ташлаб қочиб кетганини билдирган.
Мазкур факт бўйича «Одам ўлдириш» моддаси билан иш очилиб, ўсмир қамоққа олинган.