Депутат мактаб директорлари муддатини чекламоқчи

706

Парламентнинг маориф, фан, маданият ва спорт комитети бошчиси Канибек Осмоналиев мактаб директорларини ўз лавозимида 10 йилдан ошиқ туролмаслигини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқяпти.

Осмоналиев Kloop.kg билан суҳбатда мактабларнинг баъзи директорлари ўн йиллаб ишлашини билдирди.

«Агар директорнинг катта тажрибаси бўлса, унда у бошқа мактабда директорлик қилиб тажрибасини бошқалар билан улашиши керак», — деб ҳисоблайди у.

Маориф ва фан министрлиги матбуот котиби Керез Жукеева Kloop.kgга берган интервюсида бундай ўзгартиришларнинг киритилиши билан бутун таълим тизимини ўзгартиришга тўғри келишини айтди.

У айнан нимани ўзгартириш кераклигини айта олмади.

Масала юзасидан биз бир неча мактаблар директорлари орасида сўров олиб бордик ва уларнинг аксари депутат таклифига ижобий ёндошаётганига гувоҳ бўлдик.

Иссиқкўл областининг Қорақўл шаҳридаги №1 мактаб директори Динара Давлетова бошқа мактабда ҳам ишлаш мумкинлигини айтади.

«Агар директор профессионал бўлса, бошқа жойда ҳам ишлаши мумкин. Агар шароитлар яратилса ҳатто бошқа областга ҳам бориш мумкин», —дейди у.

Иссиқкўл областининг Кўкмўйнўқ қишлоғидаги ўрта мактаб директори Светлана Салакунова ҳам директорнинг ўзгаришида ҳеч бир қўрқинч йўқлигини айтади.

«Агар бошқа мактабга директор бўлиб кўчирилишнинг имкони бўлса, ишлаш мумкин. Чунки ҳамма мактабда масъулият бирдай», – деди у.