Баткен вилоятининг Қадамжой туманида гиёҳванд моддалар айланиши билан шуғулланишда гумон қилинган маҳаллий кенгашнинг депутати қўлга олинди. У 7 июнда Баткен ВИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди.
МХДҚнинг матбуот хизмати билдиришича, депутат гиёҳванд моддаларнинг партиясини Ўзбекистонга ўтказиш мақсадида сотаётганда қўлга олинган.
Унинг уйи тинтув қилиниб, 9 килограммдан ортиқ опийим, 4 килограмм гашиш, 37,5 килограмм марихуана, 1 рухсатсиз қурол, 232 минг АҚШ доллари, 42 миллион 299 минг 500 ўзбек сўми ва 106 минг сом пул топилган.
Шунингдек, махсус хизмат у уюшган жиноий гиёҳвандлик тўдасининг уюштирувчиси бўлиб, гиёҳванд моддаларни Тожикистондан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга сотиш учун доимий канал тузиб олгани аниқланган деб маълум қилади.
Шу сабаб «Гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси билан иш очилиб, депутат билан бирга яна икки киши қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилган.
Ҳозирда мазкур гиёҳвандлик каналининг бошқа уюштирувчиларини аниқлаш бўйича текширув ишлари бормоқда.