«1,5 млрд сом». Василий Дашков зарарни тўлаб бермагани учун қайта қўлга олинди

20
Василий Дашков

«Кыргыз темир жолу»нинг собиқ етакчиси Василий Дашков қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати 9 июнда билдирди.

Махсус хизмат Дашков 2020 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг апрель ойигача «Кыргыз темир жолу» ишхонасидан 1,1 млрд сом маблағни ноқонуний чиқарганини аниқлади. Бунгача МХДҚ ишхонадан 500 млн сомдан ортиқ маблағ чиқарилганини хабар қилган, бироқ тергов давомида зарарнинг суммаси икки марта кўп бўлгани аниқланди.

Чиқарилган маблағлар товар-моддий юкларни етказиш учун Дашков билан алоқадор компанияларнинг ҳисобидан ўтказилган.

18 майда МХДҚ мана шу иш асосида Дашковнинг ўғли Даниил Дашков, «Кыргыз темир жолу»нинг молия бўлими раҳбари Бакит Кулматов, «Атом Групп» МЧЖнинг етакчиси Анвар Ахмеджанов ва «Генезис Плюс» МЧЖнинг директори Гурезали Мирзомудиновни қўлга олган.

Даниил Дашковга «Товламачилик» моддаси билан гумонланаётгани ҳақида хабар берилган. Биринчи май туман суди Василий ва Даниил Дашковларни келтирилган зарарни тўлаш шарти билан уй қамоғига чиқарган.

«Бироқ бугунги кунгача Василий Дашков томонидан зарарни ўрнини тўлдириш бўйича ҳаракатлар бўлмаган [...] Бундан ташқари, 2021 йилнинг январь-апрель ойларида давлат ишхонасидан 490 млн сомга яқин пул чиқарилгани аниқланди. Умумий келтирилган зарарнинг суммаси 1,5 млрд сомни ташкил қилди», — деб билдиришди МХДҚдан.

Ҳозирда Дашков МХДҚнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Василий Дашков ҳақида журналистик суриштирув

Василий Дашков — собиқ милиционер. Темир йўл тармоғига 2006 йили келган. 2020 йилнинг январигача «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг кўприк қуриш билан шуғулланган «Кўприкчилар отрядини» бошқариб келган. Кейин мазкур ишхонанинг етакчисини ўринбосари бўлиб тайинланиб, 2020 йилнинг апрелидан бошлаб муассасани бошқара бошлаган.

Суриштирувчи журналист Али Токтакунов ва фактчекер Болот Темиров «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг етакчиси Василий Дашковга тегишли фирмалар у бошқарган ишхонадан пулларни қандай легаллаштиргани ҳақидаги суриштирувни чиқарган.

Суриштирувда Дашковга алоқаси бор уч фирма «Кыргыз темир жолу»дан икки йилда 176 млн сомлик тендер ютиб олгани ошкор қилинган.

Шундан сўнг у «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг раҳбарлик хизматидан бўшатилган. Тегишли буйруққа премьер-министр Улукбека Марипов 25 мартда қўл қўйган.

Унинг ўрнига 8 апрелда давлат ишхонасининг етакчиси бўлиб Адилбек Адранов тайинланган.

«Кыргыз темир жолу» ишхонасининг бунгача қўлга олинган етакчилари

МХДҚ ўтган йилнинг 15 июнида «Кыргыз темир жолу»нинг Дашковгача бўлган раҳбари Канатбек Абдикеримовни «йирик миқдордаги фирибгарликда» гумон қилиб ушлаган.

МХДҚнинг маълумоти бўйича, давлат ишхонасининг масъул ходимлари коррупция схемани ташкил қилиб, бу орқали давлат сотиб олишлари юқори нархларда олиб борилган, ишхонанинг собиқ етакчиси тузилган шартноманинг суммасини 8%дан 15%гача бўлган қисмини олиб турган.

Бундан ташқари, махсус хизмат томонидан «Кыргыз темир жолу» ишхонасининг жанубий бўлими раҳбари Бахтияр Юнусов 2020 йилнинг 14 декабрида қўлга олинган. Кейинчалик у давлатга келтирган 11,7 млн сом зарарни тўлаган. Юнусов вақтинча сақлаш жойидан чиқарилиб, уй қамоғига чиққан. У ўзига қўйилган айбларнинг ҳаммасини тан олган.

Шунингдек, МХДҚ 2021 йилнинг 9 январида «Кыргыз темир жолу» давлат ишхонасининг раҳбариятидан 250 миң доллар талаб қилди деган гумон билан фаол Мелис Аспековни ва тадбиркор Улан Жураевни қўлга олган.

10 январда Биринчи май туман суди Аспеков билан Жураевни икки ойга, аниқроғи 9 мартгача МХДҚнинг ТИЗОсида қолдириш қарорини чиқарган.

26 январда Улан Жураев уй қамоғига чиқарилгани маълум бўлди. Аспеков ҳамон қамоқда. У яқинда собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Садир Жапаровга сайлов учун 10 млн доллар берганини айтган. Бироқ буни президентнинг матбуот котиби инкор қилиб, Жээнбеков фаолни судга беришини билдирган.