Иссиқкўл вилоятида президент Садир Жапаров билан кетаётиб ҳалок бўлган ходим давлат раҳбарининг шифокори Илгиз Усубалиев экани маълум бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Алимкадир Бейшаналиев маълум қилди.
Унинг айтишича, Усубалиевнинг ҳодисада олган жароҳатлари оғир бўлгани сабаб воқеа жойда вафот этган.
«Машина ағдарилгандан олд ойнага урилиб, ўн беш метр масофага сакраб, ерга судралган. Менинг ҳам яқиним эди, ҳозир таъзиясидан келяпмиз. Ортида аёли, икки ўғли, бир қизи ва ота-онаси қолди», — деган Бейшеналиев.
Усубалиев — 37 ёшда бўлган. У МХДҚнинг 9-хизматини шифокори бўлиб ишлаган. Унгача Усубалиев Бишкек шаҳар травматология ва ортопедия илмий текшириш марказида ишлаган.
Президентнинг кортежи 4-июнда Иссиқкўл туманининг Ананьево қишлоғидаги автойўлда ҳалокатга учраган. Унда давлат хавфсизлик хизматининг машинаси қарши томонга чиққан машина билан тўқнашган. Президент кетаётган машина ўтиб кетишга улгурган.
Дастлабки маълумотлар бўйича, енгил машина ҳайдовчиси маст ҳолда бўлган. Бейшеналиевнинг айтишича, воқеада уч киши жабрланиб, бири вафот этган. Жабрланганлар Бишкек шаҳар травматология ва ортопедия илмий текшириш марказига етказилган. Уларнинг бири 6-июнда, иккинчиси 7-июнда операция қилинади.