Чон-Олай: Қирғиз-тожик чегарасида юк ташувчи машиналарнинг ҳаракати тўхтатилди

262

Ўш вилоятининг Чон-Олай туманидаги қирғиз-тожик чегарасида юк ташувчи машиналарнинг ҳаракатига вақтинча чеклов киритилди. Бу ҳақда Министрлар кабинетининг раҳбари Улукбек Марипов 23 майда туманнинг чегарага яқин яшаган турғунлари билан учрашувда билдирди.

«Муаммоли масалалар ҳал бўлгунча Тожикистон билан давлат чегараси орқали ҳаракатга вақтинча чеклов киритилган. Чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласини ҳал қилиш билан бирга биз чегарани мустаҳкамлаш мақсадидамиз», — деган Марипов.

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакиллигидан Чон-Олай туманидаги «Карамик» ўтказиш пунктида товар ташувчи машиналарнинг ҳаракатига вақтинча чеклов киритилганини тасдиқлашди. Икки давлатнинг фуқароларига чегарадан ўтиш аввалги тартибда бормоқда.

Чон-Олай туманидаги қирғиз-тожик чегарасидаги воқеа

18 майда ижтимоий тармоқларда мазкур туманнинг Кароол-Дўбў ва Унжу-Булак ҳудудларига тожик ҳарбийлари кириб олди деган маълумотлар тарқалиб, маҳаллий турғунлар ваҳимага тушган. Бу бўйича шу куни Ўш ва Тожикистоннинг Лахш вилоятлари бўйича чегара бошқармасининг ишчи гуруҳлари учрашиб, Унжу-Булак яйлови аниқлангунча икки томон ҳам назорат қилмаслиги келишилган.

Чон-Олай туманининг амалдаги ҳокими Ўскўн Мамажакипов Чон-Олай билан Тожикистоннинг чегарадош ҳудудида 1 010 гектар баҳсли яйлов борлигини маълум қилган. Унинг айтишича, 1924, 1927 ва 1989 йиллардаги хариталар бўйича яйловлар уларнинг харитасида, бироқ қирғизистонликлар ишлатиб юрган.

«Демаркация ва делимитация ишлари бошланмагани сабаб олдин уларнинг чегарачилари узоқдан назорат қилса, ҳозир ҳудуднинг ўзида назорат қилишади. Шу сабаб аҳоли орасида нотўғри маълумотлар тарқалган», — деган Мамажакипов.

Бундан ташқари, Мамажакипов икки томоннинг ҳам чегара заставаларининг бошчилари учрашиб, аниқланмаган ҳудудга икки томоннинг ҳам ҳарбийлари кирмаслиги бўйича сўзлашилганини қўшимча қилган.