«Қўнғироқ қилманглар, ёруғлик бўлса бизни отади». Чегара можаросида вафот этган ҳарбий дафн қилинди

377

Қирғиз-тожик чегарасидаги отишувда ҳалок бўлган «Бўри» отрядининг №2021 ҳарбий қисм прапоршиги Бекзат Юлдашев 10 майда 31 ёшга тўлар эди. У 1991 йили Исфана шаҳрида туғилган. Юлдашевнинг холаси Зебо Холматова «Азаттык» нашрига марҳумнинг жасади 2 майда дафн қилинганини билдирди.

Юлдашев саккиз йилдан бери ҳарбий хизматчи бўлиб ишлаб келган. Холматованинг айтишича, у уч йилдан кейин таътилга чиқишни режалаштирган эди.

«Бу йил мақом оламан деган умиди бор эди. Ҳарбий ходим бўлишни Бекзат болалигидан орзу қилган. Бу касбни ўзи танлаган. «Мен сизларни ҳимоя қиламан» деб кўп айтарди. Мана ҳимоя қилиб ўлиб кетди. Ҳозир кўзимиздан ёш эмас, қон оқмоқда», — деб хотирлади ҳарбийнинг холаси.

Укасини ҳалок бўлгани ҳақидаги суратни Холматова биринчи ижтимоий тармоқларда кўрган. У марҳумни кийимларидан таниб, ҳарбий қисмга борган. Бироқ аниқ маълумот ололган эмас. Шунингдек, Холматова Юлдашевнинг ўлимини аниқ сабаби ёзилган маълумотнома ҳам олмаганини айтди. Унинг айтишича, ўқ ҳарбийнинг қовурғасига теккан.

«29 апрелда чегарага кетаётганда «мен урушга кетяпман» деб қўнғироқ қилган. Албатта, ёмон хаёлга бормас экансан, «эҳтиёт бўл» деб огоҳлантирдим. У «телефон қўнғироқ қилманглар, свет ёнса бизни отади» деган», — дейди Холматова.

Марҳум бундан ўн йил олдин оила қурган. Аёли ҳамшира бўлиб ишлайди. Ортида етти ёшли қизи, беш ёшли ва олти ойлик ўғиллари қолди.

Юлдашевдан ташқари «Бўри» отрядининг яна икки ҳарбийи ҳалок бўлган.

Қирғиз-тожик чегарасида 28 апрелда бошланган можаро натижасида 184 киши яраланиб, 36 фуқаро ҳалок бўлган. Марҳумларнинг орасидан 25 киши «Головной» сув тақсимлаш жойига отилган миномётдан ҳалок бўлган.

Низо Баткен туманининг Кўктош қишлоғидаги «Головной» сув бўлиштириш жойида тожик томон ўзбилармонлик билан видео кузатув камераси ўрнатганида 28 апрелда бошланган.