«Байрамни чеклай олмайди». Муфтиятдан 8-мартни нишонлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёри деб айтилди

337
8 март, Ўш шаҳри. Аёллар ҳуқуқларига бағишланган тинчлик юриши. Сурат: Тойчубек Боронбаев/Kloop

Ижтимоий тармоқларда 8 март Халқаро аёллар кунини танқид қилган қорининг видеоси тарқалди. Унда у масжидга йиғилган одамларга «8 март — ўранганларнинг устидаги кийимлар ечилиб, ёқилган кун» деган.

«Сиз аёлингизга айтдингиз «8 март билан!» деб. Бу нима дегани? Бу «исломнинг катта фарзи бўлган ҳижоб ўрашни, ўзини яшириш, реклама бўлмаслик фарзини йўқ қилган кун сенга муборак бўлсин!» дегани. «Диндорликдан динсизликка тушиш сенга муборак бўлсин» деган маъно чиқади. Қарор ўзингизники, ўзингиз истаганингизни қилинг», — деган у.

Қори 8 мартнинг тарихини «Огненные дороги» фильмидаги сюжетга боғлаб айтаётган бўлиши мумкин. Мазкур фильмда ўзбек шоири, жамоат арбоби, инқилобчи Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий аёлларга 8 март байрами бор эканини айтиб, «эски тушунчалардан бутунлай халос бўлиш учун» паранжиларини ечишни сўранган.

Фильмда бир неча аёл паранжиларини ечиб, оловга отишган. Уларнинг бири эса ўртага чиқиб, аёлларни «қоронғиликдан чиқишга, билим олишга» чақирган.

«Тонг каби очиқ бўл … Илм, санъатнинг эшигини оч! Ҳамма учун гўзал бўл!» — деган фильмдаги қиз.

Шундан сўз қизлар биттадан юзларини очиб, ўзбекона рақс тушишган. Бу орада бир қанча одамлар рақс тушаётган аёлларнинг ҳаракатини «уят» деб, уларга ҳужум қилишга ҳаракат қилган.

Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасидан байрамни танқид қилган қорининг воқеаси 2019 йили Ўш вилоятининг Аравон туманида ҳам бўлганини билдиришди. Матбуот котиби Максат Атабаевнинг айтишича, видеодаги киши имом эмас, муфтиятга алоқаси йўқ.

Шунингдек у вақти-вақти билан жойларда мазкур масала бўйича тушунтириш ишлари олиб борилишини айтди.

Бундан ташқари, Атабаев муфтият ўлканинг йилномасида қизил кунлар билан белгиланган байрамларга чеклов қўёлмайди деб таъкидлади.

«Ҳар бир қирғизистонлик байрам кунлари дам олишга ҳақли. Муфтият давлат ишларига ва сиёсатга аралашмайди. Ислом динига тегишли Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрамлари бор. Давлатимиз томонидан тасдиқланган расмий байрамларни нишонлаш ёки нишонламаслик ҳар кимнинг ўзининг ихтиёри», — деди матбуот котиби.

8 мартнинг тарихи

Бу вақтгача «Баштан Башта» фуқаровий ҳаракати халқаро аёллар кунининг тарихи бўйича маълумот берган.

Унга кўра, 1857 йили Нью-Йоркда 15 мингга яқин аёл пиёда юришга чиқиб, иш соатларини қисқартиришга, уларга эркаклар билан бир хил ҳақ тўлашни тала қилишган.

Бундай воқеа 1908 йили ҳам такрорланган. Касаба уюшмаларининг ҳаракатлари натижасида 20-асрнинг бошида Аёллар миллий куни бўлган. Халқаро аёллар куни Клара Сеткиннинг таклифи билан 1910 йили Копенгаген шаҳрида ўтган социалисткаларнинг II халқаро конференциясида қабул қилинган.

8 март байрами 1975 йили БМТ томонидан тан олинган.