Президент Садир Жапаров Қозоғистоннинг «Казинформ» нашрига интервью бериб, Қирғизистонда парламент сайлови кузда бўлишини билдирди.
«Яқинда маҳаллий [кенгашларга] сайловлар ҳам бўлади, референдум ўтади. Уни ҳам тоза ўтказамиз. Кейин кузда парламент сайлови бўлади, уни ҳам тоза ўтказамиз. Сабаби энди сайловлар адолатли ўтиши керак. Бизни қонунлар ҳам тўлиқ ишлаши керак, ҳаммага бир хил бўлиши керак — мендан бошлаб кетмон чопган деҳқонгача бир хил бўлиши керак», — деди Жапаров.
Қирғизистон ҳудудида маҳаллий кенгашларга сайлов 11-апрелга белгиланган. Шу куни Конституциянинг янги лойиҳасини қабул қилиш учун референдум ўтиши айтилмоқда.
2020-йилнинг 4-октябрида ўтган парламент сайлови бекор қилинган. Бироқ сайловнинг натижасидан норози бўлган партияларнинг аъзолари ва фуқаровий фаоллар муддатсиз митингга чиқишган. Бу воқеалар сиёсий тўнтарилишларга айланиб, ҳукуматнинг алмашишига олиб келган.
Митингчилар асосан сайлов вақтида овоз сотиб олиш бўлди ва маъмурий ресурсдан фойдаланилди деб норози бўлишган. Сайловда қонунбузарликларнинг кўпи ҳукуматники дейилган «Биримдик», таъсирли Матраимовларнинг оиласига тегишли «Мекеним Кыргызстан» ва «Кыргызстан» партиялари томонидан бўлган.
Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, мазкур уч партия Жогорку Кенешдаги 120 мандатнинг 107сига эга бўлишган. Митингчилар Оқ уйни босиб олиб, қамоқда ўтирган бир қанча сиёсатчилар бўшатилган — уларнинг орасида Садир Жапаров ҳам бўлган.