Қурилиш компанияси бор депутат Оқ уйнинг 4-қаватини таъмирлагани учун тақдирланди

295

Бишкек шаҳар кенгашининг матбуот хизмати хабар қилишича, шаҳар кенгашининг депутати Байсалбек Эргешов Оқ уйнинг тўртинчи қаватини тўлиқ таъмирлагани учун президентнинг номинал қўл соати билан тақдирланди.

Эргешов тўртинчи қаватни ўз маблағига таъмирлагани айтилмоқда. Депутатга қўл соатини парламент спикери Талант Мамитов топширди.

Юстиция вазирлигининг реестридаги маълумотга кўра, шаҳар кенгашининг депутати Байсалбек Эргешов тўрт компанияга раҳбарлик қилади. Уларнинг иккиси — «МВМ Тянь-Шань» билан «Оптима» — қурилиш компаниялари.

Эргешев бир неча компанияларнинг эгаси қатори кўрсатилган — «Прелестная природа» дам олиш жойи, декоратив тошларни чиқарувчи «Жийде Гранит» ҳамда Gravel қурилиш компанияси.

Оқ уйдаги талончилик

Жогорку Кенешнинг биносини 2020-йил 6-октябрга ўтар кечаси митингчилар таъмир талаб ҳолга келтиришган.  Шу куни парламент сайловидан кейин митингчилар Оқ уйнинг тўсиқларини синдириб, бинони босиб олишган.

Натижада деярли барча депутатларнинг иш кабинетлари тўналиб, таниқли Совет рассомларининг ижод намуналари ўғирланиб, юзлаган ҳужжатлар йўқ қилинган.

Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати билдиришича, Оқ уйни босиб олишда парламентнинг қонун лойиҳалари сақланувчи сервер ҳам йўқ қилинган.