Қадамжойлик ўқувчи қиз ўсмирлар билан ишловчи уни ҳижоб билан дарсга қатнашига тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилмоқда. Маориф вазирлиги ўқувчиларнинг мактаб қоидаларига риоя қилишлари кераклигини айтмоқда.
Ўсмирлар инспектори Ибидат Турбаева рэкетирлик мавзуси юзасидан тушунтириш ишлари олиб бораётиб бир ўқувчи қизга ҳижобда мактабга қатнамаслик юзасидан танбеҳ берган.
Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўқувчи қиз буни ўз ҳуқуқларини бузишлик, дея ҳисобламоқда.
«Мен ўз ҳуқуқларимни биламан. Масалан, қонунда “мактабга ҳижобда келиш таъқиқланади” деб ёзилмаганку? Инпектор рэкетирлик мавзусига тренинг ўтказгани келиб, мактаб формасига ўтиб кетди», — дейди ўқувчи.
Қизча сўзларига кўра, у мактабга оқ кофта, узун қора юбка ва рўмолда қатнайди.
Турабаева эса ўқувчиларнинг мактаб қоидаларига кўра кийинишлари кераклигини айтади.
«Мен мактабга мактаб формасида келиш кераклигини айтдим. У бўлса ҳаммага мени мажбур қилишяпти деб айтибди. Мажбурлаш ҳолати бўлмаган», —дейди Турабаева.
Маориф вазирлигининг ўқув юртларида мактаб мажбурий формаларини жорий қилиш тўғрисида қарори йўқлигини мазкур муассаса матбуот котиби Керез Жукеева айтди. Бироқ у ўқувчиларнинг мактаб қоидаларига биноан кийинишлари кераклигини айтди.
«Биз замонавий давлатмиз ва унинг тамойилларига риоя қилишимиз керак», —деди котиб.
«Законность и правопорядок» ҳуқуқни муҳофаза қилиш фонди раҳбари Иззатилло Раҳматуллаев мазкур таъқиқ инсон ҳуқуқларини бузади, деб ҳисоблайди. Унга кўра, ҳеч ким ўқувчига рўмол ўрашга тўсқинлик қилолмайди.
«Қандай кийинишни инсоннинг ўзи ҳал қилиши керак», — деди Рахматуллаев.
Биринчи тўсқинлик эмас
Ўтган ўқув йилнинг бошида Бишкекдаги 150дан ошиқ ўқувчи қиз рўмол ўраганлари учун дарсларга қўйилмагандилар.
Мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи «Мутакалим» фонди раҳбари Жамал Фронтбек кызы аввалроқ ушбу турдаги «дискриминация» бутун республикани қуршаб олганини айтганди.
Рўмолга тўсқинлик қилишда у Таълим вазирлигини айблаганди.
Глобал муаммо
Рўмол ўраш масаласи бутун дунёда қизғин баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда — Европанинг бир қанча давлатларида мусулмон аёллар давлат муассасаларида рўмол ўрай олмайдилар.
Таъқиқ тарафдорлари ўз фикрларини рўмол муслималарнинг дунёвий мамлакат жамиятига ўзлашишларини қийнлаштириши билан изоҳлашга ҳаракат қиладилар.
Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр 2006 йилда рўмолни “жамиятни бўлувчи восита” деб атаганди.
Ўз ўрнида таъқиққа қаршилар давлатнинг инсон шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққи йўқлигини айтдилар.
2006 йилнинг ноябрида Лондонда ўтказилган сўровлар, 75 фоиз респондентларнинг аёллар “ўзларининг диний ақидаларидан келиб чиқиб” кийинишлари тарафдори эканини кўрсатганди.