Дори -дармон департаментида коррупциявий схема аниқланиб, 8 жиноят иши қўзғалди

306

Бош прокуратура 2 февралда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Дори-дармон воситалари ва тиббий ускуналар билан таъминлаш департаментининг фаолиятини текширганини билдирди. Текширув натижаси бўйича прокуратура саккизта жиноий иш қўзғади, бу ишлар асосида судгача текширув ишлари бошланди.

Бош прокуратурадан таъкидланишича, текширув давомида «департамент самарали фаолиятга салбий таъсир қилган» коррупция схемалари аниқланган.

«Департаментнинг масъул ходимлари ноқонуний даромад топиш мақсадида дори-дармонлар ва тиббий ускуналарни рўйхатга олишда ва экспертизалашда фармацевтика компанияларнинг манфаатини ҳимоя қилиб, мамлакатга сифатсиз тиббий препаратларни олиб келишга қулай шароит яратишган ва коронавирус касаллиги сабаб пандемия вақтида коррупция ишларига ҳам йўл қўйишган», — деб айтилади Бош прокуратуранинг маълумотида.

Назорат органи маълумоти бўйича, ҳукуматга ва ваколатли органларга қонунбузарликни бартараф қилиш ҳақида тўрт кўрсатма киритилди. Бундан ташқари, департаментнинг тўрт ходими тартиб жавобгарлигига тортилиб, улардан бири салбий асослар бўйича ишдан бўшатилди.

Амалдорлар ва пандемияга тайёргарлик кўришдаги камчиликлар учун жавобгарлик

Коронавирусга қарши курашиш бўйича давлат органлари билан муниципалитетнинг ишини текширган муассасалар аро комиссиянинг маълумотига кўра, COVID-19га қарши кураш асосида 14 жиноий иш қўзғалган.

Бироқ юқори лавозимларни эгаллаган амалдорларнинг ҳеч бири ТИЗОга киритилмаган ва бирорта одам ҳозирча судланмаган.

Пандемия бошланган вақтда COVID-19га қарши курашиш Республика штабини бошқарган собиқ премьер Мухаммедкалий Абилгазиев 26 мартгача МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган. Бироқ у пандемияга алоқаси йўқ ноқонуний бойишга ва коррупцияда айбланмоқда.

Бундан ташқари, Абилгазиев пандемияга боғлиқ «Эътиборсизлик» ва «Коррупция» моддалари бўйича қўзғалган жиноий ишларнинг фигуранти экани ҳам маълум — жиноий иш жамоатчиликнинг мурожаатларидан кейин қўзғалган. Бу ишлар бўйича тергов қандай кетаётгани ҳақида Бош прокуратура маълумот бермаган.

Собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев пандемияга тайёргарлик кўришда эътиборсизлик ва лавозимни суиистеъмол қилиш бўйича гумон қилиниб, ҳозир уй қамоғига чиқарилган.

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Чолпонбаевни ишдан 2020 йилнинг 1 апрелида бўшатган. Бунга коронавирусни олдини олишга тегишли даражада тайёргарлик кўрмагани учун хавфсизлик кенгашининг таклифи асос бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини билдирган. Бироқ 2020 йилнинг февраль ойида COVID-19 касаллигини ўлкада тарқалишини олдини олишга бошим билан жавоб бераман деб ваъда берган эди. Шунга қарамай, бир ойга етмаган вақт ичида биринчи ҳолатлар рўйхатга олина бошлаган.

Бундан ташқари, COVID-19 билан курашувчи Республика штабнинг таркибига кирган ва мактаблар ёпилмайди, озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келади деб ваҳимага тушишга асос йўқ деб билдирган собиқ вице-премьер-министр Альтинай Ўмурбекова ҳам финполнинг сўроғига кириб чиқиб. Аввалроқ Хавфсизлик кенгаши Жээнбековга коронавирус билан курашишдаги камчиликлари учун Ўмурбековани Чолпонбаев билан бирга ишдан бўшатишни таклиф қилган. Собиқ президент хавфсизлик кенгашининг талабини қаноатлантирган.

2020 йилнинг ёз ойларида Ўмурбекова пандемия вақтида фармкомпанияларнинг манфаатини илгари суриш асосида Хитойдан келган гуманитар ёрдамни бўлиштириш масаласи бўйича ҳам сўроққа чақирилган. Бундан ташқари, Ўмурбекова 26 январда финполга ҳам сўроққа борган. Унда сўроқ ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашишга тайёргарлиги бўйича экани айтилган.

Шу куни 26 январда собиқ вице-премьер-министр Аида Касималиева ҳам финполга сўроққа келган. У мазкур хизматга Ўмурбековадан кейин келган. Касималиева сўроқ давомида нима ҳақида сўз бўлганини журналистларга айтмаган, бироқ муассасалар аро комиссиянинг хулосасидан норози эканини билдирган.