Ўш: Қалбаки 310 минг рублга савдо қилиб, қочиб юрган турғун қўлга олинди

283

Ўш вилоятининг Қорақулжа туманида қалбаки 310 минг рублга асал сотиб олиб қочиб кетган турғун ушланди. У икки йилдан бери қидирувда бўлган. Ўш ВИИБининг матбуот хизмати маълум қилишича, 35 ёшдаги гумондорни қўлга олган вақтда машинасидан ўқ отувчи қурол топилган.

Маълумотга кўра, милицияга номаълум фуқаро автомашинасига ўқ отувчи қурол солиб юргани бўйича маълумот тушиб, тезкор ҳаракатлар олиб борилган. Натижада «Хонда-Одиссей» русумидаги автомашинанинг ҳайдовчиси исмини ўзгартириб, қидирувда юрган фуқаро экани аниқланган.

«Қўлга олинган гумондор икки йил олдин шеригига 5000 рубль купюрадан иборат қалбаки 310 минг рубль бериб асалчи тадбиркорга юборади. Максат деб таништирган турғун фирибгарлик йўли билан тадбиркорнинг ишончига кириб, 1 740 кг асал сотиб олган. Асалга берилган рубль қалбаки эканини 56 ёшли жабрланувчи бир неча кундан кейин билган», — деб ёзилади Ўш ВИИБининг маълумотида.

Асални сотиб олган гумондор 2020 йилнинг 18 июнида қўлга олиниб, у қалбаки пулдан фойдаланганини ва тадбиркорни алдаганини тан олган.

Ҳозирда мазкур факт «Қалбаки пул ёки қимматбаҳо қоғозларни тайёрлаш, сақлаш ёки ўтказиш» ва «Фирибгарлик» моддалари билан тергов амаллари олиб борилмоқда. Гумондор Қорақулжа туман ИИБининг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Бундан ташқари, Ўш ВИИБи гумондор билан бирга яна тўрт турғун ушланганини маълум қилди. Дастлабки тергов амаллари асосида гумондорнинг машинаси ўғирлангани маълум бўлди. Шунингдек, у билан бирга юрган яшовчилар олдин ҳам икки автомашина ўғирлагани аниқланган.

«Улар томонидан ўғирланган икки автомашина топилиб, ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда. Бир машинани Бишкек шаҳрининг Тунгуч кичик туманида яшириб қўйган. Иккинчисини Ўш шаҳрига миниб келишган. Автомашина ўғирлик бўйича ариза Бишкек шаҳрида рўйхатга олингани учун Бишкек шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Биринчи май ТИИБига ўтказиб берилди», — деб қўшимча қилишди милициядан.

Бундан бир ой олдин Ўш шаҳрида сувенир қатори чиқарилган пул билан дорихоналарда савдо қилган фуқаро қўлга олинган. Милицияга Ўш шаҳрининг 22 ёшдаги турғуни ариза билан мурожаат қилиб, унинг дорихонасига номаълум киши келиб 2000 сомлик қалбаки пулга савдо қилганини билдирган. Бундан ташқари, худди шундай ариза билан Ўш шаҳрининг яна тўққиз фуқароси мурожаат қилган.

Натижада жиноятда гумондор қатори Чуй вилоятининг 16 ёшдаги турғуни қўлга олинган. Дастлабки сўроқ вақтида гумондор Ўш шаҳрига дўсти билан косметика сотиш учун келганини ва ёнида сувенир қатори олиб юрган 2000 сомга дори олганини тасдиқлаган.