Мэрия: Топшириқни бажармаган икки вице-мэрга огоҳлантириш берилди.

Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев 1 февралда икки вице-мэрга огоҳлантириш берди. Бу ҳақда муниципалитетдан маълум қилишди.

Мэриянинг маълумоти бўйича пойтахтнинг ер масалалари, архитектура ва қурилиш бўйича вице-мэри Азамат Сагиндик ўғлига 26 январгача 1999 йилдан кейин қурилган хусусий турар-жой биноларини легаллаштириш масаласини ҳуқуқий йўлга солиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилган.

Шунингдек, уй қуриш учун ер участкаларини легаллаштириш бўйича чораларнинг календарь (босқичма-босқич) режасини ишлаб чиқиш ва таклиф қилиш, асосий режага тегишли ўзгаришлар киритишга боғлиқ бир қатор жараёнларни амалга ошириш топширилган.

Бундан ташқари, Сагиндик ўғлига «Бугу-Эне Багиш» участкаси яшовчиларининг уйларини электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш топширилган. Бироқ вице-мэр «маълумотни белгиланган тартибда бермаган».

Транспорт бўйича вице-мэр Азиз Алимкуловга «Бугу-Эне Багиш» участкасига янги қатнов линиясини киритиш масаласини ишлаб чиқиш топширилган, бироқ бу бажарилмаган.

«Шу сабаб мэр вазифасини бажарувчи икки вице-мэрга огоҳлантириш мақсадида тартиб жазо чораси қўлланилди», — деб билдиришди мэриянинг матбуот хизматидан.

Азиз Алимкулов ким?

Азиз Алимкулов 2019 йилнинг февраль ойидан бошлаб вице-мер бўлиб ишлаб келади. У 5-6 октябрь воқеалари вақтида халқни тўнаш мақсадида чиққанларни «иложи борича жазолаш керак» деган билдируви билан маълум.

Азамат Сагиндик ўғли ким?

Азамат Сагиндик ўғли мазкур хизматга 2020 йилнинг декабрь ойида аввалги вице-мэр Уланбек Азигалиевнинг ўрнига тайинланган. Олдин Сагиндик ўғли Бишкек мэриясининг ер ресурслари бошқармасини бошқарган.