Абдил Сегизбаев икки ойга МХДҚнинг тергов изоляторига киритилди

258

Бишкекнинг Биринчи май туман суди миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Абдил Сегизбаевни икки ойга қамоққа олди. Бу ҳақда ОАВ вакилларига унинг оқловчиси Кантемир Турдалиев билдирди.

«Суд [Сегизбаевни] МХДҚнинг тергов қамоғига икки ойга киритиш қарорини қабул қилди, 25 мартгача. Қарорни менга беришди, биз бундан эртага шикоят қиламиз. Суд мени шикоятимни олгандан кейин 5 кун ичида кўриб чиқиши керак», — деди Турдалиев.

Шунингдек у «давлатдан миллионларни ўғирлаганлар» ҳеч қаерга чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилганини, бироқ «бу вақтгача қоидабузарликлари йўқ бўлган генерални» қамоққа олишни нотўғри деб ўйлайди.

*Бу ерда Божхона раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов ҳақида сўз бўлиши мумкин. Матраимов коррупцияда гумон қилиниб 20 октябрда МХДҚ томонидан қўлга олинган. Бироқ шу куни ҳеч қаерга чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилган. Кейинчалик у бюджетга 2 млрд сом қайтарган.

Абдил Сегизбаев «Белизгейт» воқеаси ва 18,46 гектар қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 92 ер участкасини ноқонуний турда ўз номига ўтказиб олиш бўйича гумон қилинмоқда.

Сегизбаев 10 январда ўтган муддатсиз президентлик сайловига қатнашиб, 1,46% овозга эга бўлган. КТРКда ўтган теледебатларда Сегизбаев номзод Садир Жапаров қочқин президент Курманбек Бакиевнинг оиласи билан алоқаси борлигини айтган.

Бу орада Жаниш Бакиевнинг аёли Орозгул Токторбаева Қирғизистонга келганини унинг яқин дўстлари билдириб, бирга тушган расмларини ижтимоий тармоқларга жойлашган. Бироқ маълум вақтдан кейин сурат ўчирилган.

Жаниш Бакиев — Қирғизистоннинг иккинчи қочқин президенти Курманбек Бакиевнинг укаси. У давлатни акаси бошқарган вақтда Давлат назорати хизматини бошқарган.

Суд 2013 йили 2010 йилдаги апрель инқилобида қулатилган президент Курманбек Бакиевни сиртдан 24 йилга, укаси Жаниш Бакиевни эса умрбод озодликдан маҳрум қилган.