Жапаров ишсиз қирғизистонликларни Россияга «эшелонлаб» жўнатишни таклиф қилди

368

Жогорку Кенешнинг 20 январдаги йиғинида «Бир Бол» фракциясининг депутати Акилбек Жапаров ўлкада ишсиз қолган қирғизистонликларни Россияга оммавий равишда юборишга кўмаклашишни таклиф қилди.

Жапаровнинг айтишича, пандемия вақтида Қирғизистонга 180 минг ватандош қайтган. Бундан ташқари, 150 минг фуқаро ишчи бозорига янги кириб, яна 150 минг кишининг кириши кутилмоқда.

«Шунда 500 мингга яқин киши ишсиз қолган [...] Москванинг мэри [Сергей] Собянин айтмоқда: «бир қанча иш ўрни бўшаб, Москвада одам йўқ бўлмоқда» деб. Биз авиақатновларни тиклай олмаяпмиз. Керак бўлса эшелон-эшелон қилиб, поездлар билан болаларимизни етказишга ҳаракат қилишимиз керак. Чипталарни ҳаммасини ҳукумат субсидия қилиб бериши керак», — деди Жапаров.

Жапаров қирғизистонликларни Россияга меҳнат миграциясига юбориш учун уларнинг йўл ҳақига 5-10 млрд рубль сарфлаш кераклигини ҳукуматга билдирди. Шунингдек у муҳожирлар бу пулларни яна «бир-икки йил» ичида қайтариб берадиган қилиш кераклигини қўшимча қилди.

Депутат ўлкадаги ишсизлик сабаб ўғирлик кўпайиб кетди деган фикрни айтди.

«Иши йўқ бўлса, бунинг устига оч бўлса ўғирлик қилади. Бошқа қаерга боради? Шу сабаб протокол топшириғини беринг: буни кечиктириб бўлмас чора қатори кўриб, ҳукумат мажлисида бир ой ичида шу муаммони ҳал қилиши керак», — деб мурожаат қилди Жапаров вице-спикер Аида Касималиевага.

Раиснинг ўринбосари Касималиева Жапаровнинг таклифини қўллаб, бу масала бўйича ҳукуматга протокол топшириғи берилишини билдирди.