Оилавий зўравонлик учун жазони кучайтириш ҳақида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда мақулланди

308

Парламент депутатлари 20 январдаги йиғинда оиладаги зўравонлик билан курашиш ҳақидаги қонунга тузатиш киритишни иккинчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳасига кўра, оиладаги зўравонлик ҳақида фақат жабрланувчилар эмас, гувоҳлар ҳам хабар бера олади. Шунингдек зўравонларга жазони кучайтириш қаралган.

Йиғинга 82 депутат қатнашиб, ҳаммаси тузатиш киритишни қўллади.

Қонун лойиҳасини депутат Исхак Пирматов таклиф қилган. Унинг айтишича, милиция ишни Ахлоқ кодекси бўйича рўйхатга олади, бироқ зўравонни уч соатдан ортиқ ушлашга ҳаққи йўқ.

«Жазога тортилмаса, жиноий иш такрорланаверади. Доимий равишда давом этган қийноқларни исботлаш керак, бу деярли мумкин эмас», – деди Пирматов.

У оиладаги зўравонлик бир неча марта қайталанган бўлса, қатъий чора кўриш керак деб ҳисоблайди.

«Масалан, одамга бир марта огоҳлантириш берилса, бироқ у хулоса чиқармаса. Аёлини, бола-чақасини ҳар куни урадиганлар бор. Аёлини кўкартириб калтаклаб, тишларини тўкиб юборган одамларни жазолаш керак. Бироқ ҳозир улар тегишлича жазо олмаяпти», – деди депутат.

Ҳуқуқ тартиби, жиноятчилик билан курашиш ва коррупцияни олдини олиш қўмитасининг раисаси Наталя Никитенко таклифни маъқуллади ва қонун лойиҳасини ўзгартиришсиз биринчи ўқишдан кейин қабул қилишни таклиф қилди.

«Кўпчилик одамлар оиладаги зўравонлик кўпайгани билан бунга муносабат билдирмай, бу кўринишни иштирокчисига айланиб қолмоқда. Биргина жазолаш эмас, олдини олиш, тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиши керак. Бу муаммони бутун дунё бирлашиб йўқ қилиши керак – прокуратура, ОАВ, милиция, жамоат ташкилотлари», – деб ҳисоблайди Никитенко.

Парламентдаги 20 январда ўтган пленар йиғинда у оиладаги зўравонликдан жабрланган аёллар зўравоннинг қариндошларини босимидан «икки томонлама ярашишга» келишини айтиб, иш судгача етмай қолганини таъкидлади.

«ИИВнинг статистикасига қарасак, 2020 йилдаги 9025 ҳолатдан 944 тасигина судда қаралган. Бу 11-12%. Тушуняпсизми? Қолганлари нима бўлди? Кўп ҳолда босим бўлади, жабрланувчини ҳеч ким қўлламайди», – деди Никитенко.

Бу киритилган тузатишларга кўра, танага зарар келтирганда, ишга яроқсиз бўлиб қолса ёки аёл жабрлангани «очиқ кўриниб турса» икки томоннинг ярашишига йўл берилмаслигини тушунтирди.

Депутатнинг айтишича, оиладаги зўравонликни яқин қариндошлари ёки ғамхўр одамлар қилган вазиятда жазони қўшимча оғирлаштириш ҳолатлари ҳам қаралмоқда.

«Биз мигрантларнинг болаларига ва ғамхўрликка олинган ҳар қандай болага нисбатан қариндошлари ёки ўз ота-оналари томонидан қанча зўравонлик бўлаётганини кўряпмиз. Шу сабаб жавобгарликдан қутилиб кетмаслиги учун оила аъзоларига алоқаси бор одамларнинг жавобгарлигини ошириш керак», — деб ҳисоблайди у.

Никитенко зўравонга нисбатан жарима тўлаш жазосини ўз кучида қолдириш керак деган «танқидларга» жавоб берди. У жамоат ишларини бажариш жазоси жарима тўлашга қараганда таъсирли ва зўравон жазони ҳис қилишига йўл очади деб ҳисоблайди.

«Зўравон ҳеч қаерда ишламай, аёлини бўйнида ўтирса, жаримани ким тўлайди? Бундай вазиятда яна жабрланган аёл билан унинг болаларига жабр бўлади. Бу жарима кимга ёрдам беради? Жарима тўлаш ҳеч нимани ҳал қилмайди», – деб ҳисоблайди депутат.

У қонун лойиҳаси зўравонликни «йўл қўйилмайдиган стигма» қатори шакллантириб, жамоатчиликда «жирканч» нарса эканини етказишга йўналтирилганини қўшимча қилди.

Никитенкони вице-спикер Аида Касималиева ҳам қўллади. Касималиева қонун лойиҳасини «энг керакли» деб атаб, ҳамкасбларини тузатиш киритишни қўллашга чақирди.

«Аёл ичувчи бўлиб қолмайдими?»

Бироқ депутат хонимнинг фикрига маъқул бўлмаган халқ вакиллари ҳам бор. Яқинда ҳуқуқ тартиби бўйича қўмитада қонун лойиҳаси қаралаётганда депутат Камчибек Жолдошбаев оиладаги зўравонлик масаласи қийин эканини айтди.

У зўравонга нисбатан жазо чорасини жарима турида қолдиришни ва «томонларнинг ярашиш» имконини қолдиришни таклиф қилди.

«Оилада турли вазият бўлади, кутилмаганда машина уриб кетади, оёқ-қўли цинган ҳолатлар ҳам бўлади — бундай ҳолда одамлар аризасини қайтариб олишади. Иш тўхтатилиб, улар ярашишади. Балки бирор бир бошқа усул топиш керак? Масалан, оқсоқоллар суди бор, қишлоқ кенгашидаги одам билан сўзлашса бўлади», — деди Жолдошбаев.

Депутатнинг фикрича, оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтириш оилани имкониятларини камайтириб қўйиши мумкин. Шунингдек, зўравонлик ҳақида қўп одамларга маълум бўлган томонларигагина эътибор бериш керак.

«Жазолаш деяпсизлар, бироқ болалари катта бўлиб, 10-15 ёшга чиқади. Биз аксинча, уларнинг турмушини бузиб олмаймизми? Аёл ичувчи бўлиб қолмайдими? Агар иш жамоатчиликда резонанс яратиб, қўшнилари зўравонлик биринчи марта эмаслигини айтса, унда ҳа, жазолаш керак», — деб ҳисоблайди халқ вакили.

ИИВнинг Ахлоқ ишлари бўйича бошқарма етакчисининг ўринбосари Шумкар Султанов депутатнинг фикрини қўллади. У қонун лойиҳасини «фойдали» деб атади, бироқ у оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтиришни керакли деб ҳисоблайди. Сабаби бунинг учун 48 соат қамаш «қаралган».

«Жазони қатъийлаштиришни кераги йўқ деб ўйлайман. Агар томонлар ярашмаса, унда жарима оила бюджетига таъсир қилади. Кўп ҳолларда агар куёви аёлини калтаклаб қўйса, унда албатта, охиригача судлашиб ёки ажрашиш керак бўлиб қолади. Бироқ бундай бўлмайди. Статистика кўрсатишича, 90% ишлар ярашиш билан тугайди. Аёли аризасини қайтариб олиб, кечирим сўрайди. Агар одам судланса яна бу болаларга таъсир қилади», — деб ҳисоблайди Султанов.

Пирматовнинг қонун лойиҳаси

Депутат Исхак Пирматов оиладаги зўравонлик учун айбдорларнинг жазосини кучайтиришни 2020 йилнинг ёз ойларида таклиф қилган. 18 июнда парламент қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган.

Пирматов оиладаги зўравонлик ҳақида жабрланувчини ўзи эмас, гувоҳ бўлган фуқаролар ҳам хабар қила оладиган ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган.

Қонун лойиҳасига кўра, оиладаги зўравонликда гумон қилинганлар томонлар ярашиб кетса ҳам, жавобгарликдан қутилиб кета олишмайди. Шунингдек, бу ҳолатларни тузатиш ёки жамоат ишлари жазо қатори қолаверади, жарима эса бекор қилинади.

Қонун лойиҳаси ҳиссиётга берилиб ёки эҳтиётсизлик сабаб оғир ёки унча оғир бўлмаган зарар етказиш бўйича моддаларда оила аъзоларининг соғлигига зарар келтириш учун жазо чорасини ёзиб қўйиш таклиф қилинмоқда.

Бундан ташқари, Пирматов Жиноят кодексининг янги модда билан тўлдиришни таклиф қилган. Мазкур моддага мувофиқ, «соғлиқни узоқ вақт ёмонлашиши ёки меҳнатга яроқлиликнинг учдан биридан кам бўлмаган жиддий доимий йўқотишни чақирган вақтинчалик ҳимоя ордерининг шартларини бузгани» учун беш йилдан 7,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жавобгарлиги ва жазо белгиланади.