«Фарғона.ру» Қирғизистон билан сайтга тўсиқнинг очилиши бўйича судлашади

944


“Фарғона.ру” янгиликлар портали таҳририяти Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат алоқа агентлигига қарши судга даъво аризаси тайёрламоқда. Бунга сабаб 2012 йил февралида парламент хукмига кўра сайтга “ноқонуний” тўсиқ қўйилиши.

2012 йил бошида “Фарғона.ру” сайтининг тўсиб қўйилиши “ноқонуний”, деб ҳисоблайди янгиликлар портали бош муҳаррири Даниил Кислов.

У сайтга тўсиқ қўйилиши ҳақидаги қарорни февраль ойида бўлгани каби парламент эмас, суд қабул қилиши кераклигини таъкидлади.

“Қирғиз қонунларига кўра, қайсидир бир сайтга тўсиқ қўйишнинг ягона йўли мавжуд, яъни Бош прокуратура сайтда қандайдир экстремистик ёки қонунни бузувчи материаллар мавжудлиги ҳақида судга ариза топширади”, - дейди Кислов.

У таҳририятнинг тўсиқ қўйилиши борасидаги қонуний ҳукмга эришмоқчи эканлигини қўшиб қўйди. Давлат алоқа агентлиги (ДАА) Қирғизистон фойдаланувчилари учун тўсиқни олиб ташлаши керак, кейин керак бўлса суд орқали тўсиқ қўйилиши ҳақидаги ҳукмга эришиш мумкин, дейди Кислов.

“Биз қонунда кўрсатилган экстемизмга ва бошқа қонунларга, меъёрий актларга қарши туриш амалда қўлланилишини хоҳлаймиз. Бизнингча, “Фарғона.ру”нинг ҳозирги тўсиқ қўйилиши Қирғизистон қонунларини бузмоқда”, - дейди бош муҳаррир.

ДАА бошқармаси Кисловга 2012 йил 8 ноябридан портал таҳририяти сайтга тўсиқни олиб ташлаш илтимоси билан парламент ёки судга мурожаат қилиши кераклиги ҳақида ёзилган расмий мактуб жўнатган.

“Қирғиз Республикаси Конституциясининг 83 моддасига биноан, Давлат ахборот агентлиги ижро этувчи ҳокимиятнинг давлат органи эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, ушбу меъёрий актни амалга оширишга мажбур эдик”, - деб ёзилади мактубда.

“Фарғона.ру” таҳририятининг адвокати Нурбек Токтакунов парламентнинг интернет сайтларга тўсиқ қўйиш ваколати йўқ, ДАА бу ҳукмни ижро этиши мажбур эмасди, деб ҳисоблайди. У сайтларга тўсиқ қўйишнинг қонуний жараёни фақат суд орқали амалга оширилиши керак, дейди.

“Прокуратура судга расмий илтимоснома жўнатади, агар суд сайтнинг экстремистик материаллар тарқатади, деб ҳисобласа, тўсиқ қўйиш ҳақида ҳукм чиқаради ёки расмий мурожаатни рад этади. Биз ҳукуматни шу тартибга чақирмоқдамиз”, - тушунтирди Токтакунов.

Тўсиқ қўйиш ҳақида ҳукм

Манбага тўсиқ қўйилиши Қирғизистон парламенти депутатлари тарафидан 2011 йил июнида маъқулланган. Улар ўз ҳукмини “Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш” билан изоҳламоқда. “Миллатлараро низо қўзғашга ҳаракат қилувчи кимсалар маълумотлар бир тарафлама ёритилувчи бундай порталлар хизматидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиши мумкин”, - деганди ўшанда Қирғизистон жанубидаги миллатлараро тўқнашув бўйича парламент комиссияси вакили депутат Токон Мамитов.

Парламен ҳукми 2012 йил 21 февралида амалга оширилган. Ҳукумат манбага Қирғизистон фойдаланувчилари учун тўсиқ қўйиш қарорини қабул қилган.

Биричи бўлиб мамлакатдаги энг йирик телекоммуникация корпорацияси “Қирғизтелеком” провайдери қарор ижросига киришди.
Сайт таҳририяти Қирғизистон ҳудудида сайтга тўсиқ қўйилганлиги сабабли агентликнинг барча материаллари “Фарғона.ру”нинг “Фэйсбук”даги расмий саҳифасига ҳам жойлаштирилишини ва ўқувчиларга тўсиқни айланиб ўтишнинг онлайн воситаларидан фойдаланишни таклиф қилганди.