«Арча экиб, капсула қўйди». Садир Жапаров илк иш сафари билан ҳудудларга борди

368

Ҳукуматнинг матбуот хизмати маълум қилишича, президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров 25 октябрда биринчи иш сафари билан Норин вилоятига борди.

Жапаров Норин вилоятидаги Мантиш қишлоғига қурилаётган ижтимоий қишлоқнинг пойдеворига капсула солиб, арча экди.

Жапаров ижтимоий қишлоқнинг қурилиш лойиҳаси «жуда аҳамиятли» эканини билдирди.

«Бу менинг ҳудудларга бўлган биринчи иш сафарим. Бу мен учун жуда аҳамиятли. Қишлоқлар учун бундай объектларнинг қурилиши – бу катта процесс, бу шахсан мен учун ҳам катта маросим», — деди Жапаров.

Ижтимоий қишлоқ уч гектар майдонга жойлашиб, бу ерга замонавий ускуналар ва инфраструктура билан жиҳозланган кичик шаҳарча қурилади. Шунингдек, ижтимоий қишлоқда болалар боғчаси, мактаб, тўрт турар-жой, футбол майдончаси ва истироҳат боғи қурилади.

Қишлоқнинг қурилиши Қатарнинг Қирғизистондаги элчилигининг ёрдамида «Катар Чарити» хайрия ташкилотининг ҳисобидан молияланади. Қишлоқ қурилишини 2022 йилнинг охирида тугатиш режалаштирилмоқда.

Ҳукумат билдиришича, ижтимоий қишлоқнинг қурилиши кадрларни жалб қилиш, қишлоқ яшовчиларини сув билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишга шароит яратади.

Жапаров капсула солиш маросимида Қатарнинг ташкилоти рухсат қоғозларини олиш учун ярим йил вақт сарфлаганини ва мазкур лойиҳадан «фойда топиш учун бюрократик тўсқинликлар бўлган» деб айтди. Бироқ у бу кимлар томонидан бўлганига аниқлик киритмади.

«Биз бунга кескин қарши турамиз. Бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги керак. Бизни эшик инвесторлар учун ҳар доим очиқ», — деб билдирди Жапаров.

Садир Жапаров 16 октябрда Жогорку Кенеш депутатлари президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилиб, парламент спикери Канат Исаев давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортгандан кейин унга президент вазифасини бажариш вазифаси топширилган.

Бунга қадар депутатлар Жапаровни премьер-министрлик хизматига қабул қилишган эди, Жапаров бу лавозимга келгандан кейин кўп ўтмай Сооронбай Жээнбеков келишув бўйича истеъфога кетиши керак деб билдирган.

Жапаров 4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижаларига қарши норозилик митинглари вақтида ҳукуматга келган. Жапаровнинг тарафдорлари уни 6 октябрга ўтар кечаси колониядан чиқаришган — у одамларни гаровга олиш айби билан 10 йиллик жазосини ўтаётган эди.