Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Юсупов қишлоқ ҳукуматида 20 сентябрда тахминан соат 18:30да «Мекеним Қирғизистон» партиясининг номзоди, парламентнинг депутати Илхом Маннановнинг иштирокида ташвиқот учрашуви вақтида уриш чиқди.
Учрашувга 100 нафарга яқин киши қатнашган, соат 19:15да Аравон туман ички ишлар бошқармасига номаълум шахс Аравон қишлоғида жанжал бўлаётгани ҳақида хабар беради.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеодан муштлашувга ўнлаб киши қатнашганини кўриш мумкин. Аёллар қичқириб, жанжални тўхтатишга ҳаракат қилган. Натижада туман касалхонасига 11 киши мурожаат қилган, Ўш шаҳар касалконасига эса бир киши баданида турли жароҳатлар билан етказилган. Уларнинг ичидан бир кишининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари 5 автомобиль пачақланган.
Маннанов КСДП партиясидан 2015 йили парламентга депутат бўлиб сайланиб келган. Ҳозирда «Мекеним Қирғизистон»нинг рўйхатида №33 ўринда рўйхатдан ўтган. «Кактус» нашри жанжалда депутат жабрланмаган деб билдирди. Милициядан Маннонов учрашув ўтказиш ҳақида уларга хабар қилмаган деб айтишди.
Воқеага алоқадор 1О киши қўлга олиниб, сўроқ бермоқда. Шунингдек жабрланганлар ҳам сўроқ қилинади.
Ўш вилоят ИИБи тарқатган пресс-релизда муштлашувнинг келиб чиқиш сабаби номаълум деб ёзилган. Вилоят милициясининг матбуот котиби Женишбек Аширбаев «Азаттык»қа жанжал ташвиқот тадбирини ўтказаётган номзоднинг бошқа партия номзодини «ёмонлаб қўйгани» сабаб бўлганини таъкидлаган.
“Дастлабки маълумот бўйича «Мекеним Қирғизистон» партиясининг Жогорку Кенешга депутатликка номзоди бошқа партиянинг кандидатини ёмонлаб гапира бошлаган вақтда жанжал чиқиб кетган. Муштлашув 10-15 дақиқа давом этган. Ҳозирда аҳвол тинч”, — деган у.
«Мекеним Қирғизистон» партияси фейсбук саҳифасида расмий билдирув тарқатди. Унда номаълум провокациячи гуруҳ тарафидан ташвиқот учрашуви тўхтатилиб, улар тадбирнинг иштирокчиларини калтаклаб киришди деб айтилади. Шу сабаб партиянинг бир неча тарафдори жабрланиб, улардан бири Ўш вилоятлараро касалхонада оғир аҳволда эканини маълум қилишди.
«Воқеа жойидан кўплаган видео тарқаган, уларнинг айримларида ким жанжалга сабаб бўлгани ва нима бўлгани аниқ кўрсатилган … Биз иш холи ҳамда адолатли кўриб чиқилади деб ишонамиз. Шундай бўлса ҳам мазкур фактга оддий фуқаролар билан халқаро назоратчиларнинг эътиборини қаратамиз», — деб билдиришди партиядан.
Шунингдек партиянинг номидан фейк маълумотлар тарқаётгани ҳам таъкидланган.
Юсупов қишлоқ ҳукумати етакчиси Шукрулло Файзуллаев «Биримдик» партияси билан парламент сайловига қатнашмоқда. У рўйхатда №74 ўринда. Ҳозирча милиция ва партиялар можаро Маннонов билан Файзуллаевнинг тарафдорлари ўртасида чиққанини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади.
Аммо Аравондаги воқеа бўйича «Биримдик» партиясининг матбуот котиби Адилет Султаналиев ҳам фейсбукда пост эълон қилди. Унда провокацияга айбдорлар жазоланиши кераклиги айтилади. Бундан ташқари партиядагилар ҳуқуқ тартибот органлари қисқа вақтнинг ичида текширув ўтказиб, айбдорларни аниқлайди деб умид қилишмоқда.
Шу билан бирга «Биримдик» агитация тадбирлари хавфсизлик талаблари сақланган ҳолда ўтиши кераклигини ва партияларнинг вакиллари провокацион баёнотларни қилмаслиги кераклиги ҳам таъкидлаган.
Аравон туман милицияси воқеани Жиноятлар ва қилмишларнинг умумий реестрига қайд этиб, «Безорилик» моддаси бўйича судгача текширувни бошлади.
«Мекеним Қирғизистон» ва «Биримдик»нинг тортишуви
Бунга қадар «Мекеним Қирғизистон» партиясининг номзоди Шайлообек Атазов ўзининг фейсбук саҳифасида пост ёзиб, унда «Биримдик» партиясининг ваикли Азамат Арапбаевни «Ўшдаги хизматларнинг етакчиларига босим ўтказиб, паспортларни тўплаганини» айтган. Шунингдек, у бу ишларидан қайтмаса «ёшлар заправкаларини ёқиб юбормоқчи» деб огоҳлантирган.
Ўшнинг милицияси Атазовнинг сўзларини экспертизага жўнатиб, натижада экспертиза Атазовнинг сўзида «тартибсизликка чақириш» белгилари бор деб хулоса чиқариб берган. Атазовга нисбатан Жазо кодексининг «Оммавий тартибсизликларга чақириш» моддаси билан судгача текширув бошланган.
Айни вақтда Ўш ШИИБи «Биримдик»нинг вакили Арапбаевнинг паспорт тўплагани бўйича маълумотнинг асосида «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича тергов бошлаган.
«Мекеним Қирғизистон» партияси Қирғизистондаги нуфузли дейилган Матраимовларнинг оиласига тегишли деб айтиб келинади. Партиянинг рўйхатида депутат Искендер Матраимов, уларга тегишли «Исмаил Матраимов» номидаги фонднинг вакили Элнура Алканова ҳамда уларнинг адвокати Канатбек Азиз ҳам бор.
«Биримдик» сиёсий партияси «ҳукуматга қарашли» деб ҳисобланади. Ҳозирда партия номзодларининг рўйхатида президентнинг укаси, депутат Асилбек Жээнбеков, вице-спикер Аида Касималиева, вице-премьер-министр Аида Исмаилова, Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири Улукбек Кочкоров бор.
Парламент сайлови Қирғизистонда 4 октябрга белгиланган. МСК 16 партияни рўйхатга олди.