Ўшда қизни олиб қочишга уринган шахс қўлга олинди, яна икки киши қидирувда

363

Ўш шаҳар суди 20 ёшдаги қизни олиб қочишга ҳаракат қилган бир гуруҳ йигитлардан бирининг эҳтиёт чорасини кўриб, 14-сентябрга қадар қамоқда қолдирди. Қамоққа олинган 29 ёшдаги шахс — қизга истагига қарши уйланишни истаган. Қизни ўғирлашда қатнашган қолган икки киши хамон қидирилмоқда.

2-сентябрга ўтар кечаси, уч киши қизни истагига қарши никоҳга олиш учун ўғирлашга ҳаракат қилишган. Жиноятчиларнинг ҳаракатини ўша ҳудудда яшаган милиция ходимлари Эрмек Арзиев тўхтатиб, воқеа бўлган ерга ҳуқуқ тартибот органларини чақирган.

Ўш ШИИБ бу воеқа бўйича «Одамни никоҳга олиш мақсадида ўғирлаш» моддаси билан судгача иш жараёнларини бошлаб, тергов амалларини бошлаган. Тергов вақтида гумондорлар жабрланувчи қизни иккинчи марта олиб қочишга ҳаракат қилгани маълум бўлган — биринчи вазиятда уйланмоқчи бўлган кишининг ота-онаси қизни етказиб қўйишни талаб қилган.

Кўп ўтмай бола қизнинг WhatsApp мессенжерига калтакланган қизларнинг суратларини жўнатиб, «менга тегмасанг охири сени шундай ҳолга соламан шекилли» деб қўрқита бошлаган. Шу сабаб қиз яшаган манзилини, ишлаган ерини ва телефонини алмаштиришга мажбур бўлган.

Шунингдек, қиз милицияга ариза билан мурожаат қилиб, гумондор унга жўнатган суратларни ва хатларни ҳам кўрсатган. Аммо номаълум сабаблардан бу ариза қайд қилинмаган. Ўшнинг милицияси бу факт бўйича хизмат текширувини бошлади.

Статистикага кўра, Қирғизистондаги ҳар бир 17 қиз истагига қарши олиб қочилган. Икки йил аввал олиб қочишга дучор бўлган Бурулай Турдали қизи вафот этган. Унинг ўлимига мажбурлаб никоҳга олишни истаган Марс Бодошөв айбдор деб топилган. У суднинг қарори билан 20 йилга кесилган.

Жазо кодексига кўра эса одамни мажбурлаб никоҳга олишга 5 йилдан 7 йилгача озодликдан ажратиш жазоси кўрсатилган. Балоғатга етмаганларни олиб қочганлар 7,5 йилдан 10 йилга қадар озодликдан ажратилиб, 200 минг сом жарима тўлаши керак.