«Бутун Қирғизистон» тарафдорлари партияни сайловга қатнашишига рухсат берилишини талаб қилди

383

Бишкекдаги суд биносининг олдига «Бутун Қирғизистон» партиясининг 300 нафарга яқин тарафдори тўпланди. Улар суднинг партия фойдасига қарор қабул қилиб, парламент сайловларида қатнашишига рухсат беришини талаб қилди.

Уларга «Чон казат» ва «Мекенчил» партияларининг вакиллари ҳам келиб қўшилди. Фақат суд бир қатор масалаларни кўриб чиққач, суд йиғинини 9-сентябрга кўчирди.

Мажлисда иштирок этган партия лидери Адахан Мадумаров партияни рўйхатга олмай қўйиш учун ҳеч бир сабаб бўлмагинини билдирди.

«Соат 17:53да бизни рўйхатдан ўтказиш бўйича ижобий қарор бор эди. Кейинчалик бу қарори билан МСК ўзининг шунчалик саводсиз эканини ва аҳмоқлигини кўрсатди», — деди у.

У шунингдек митинг яна давом этишини таъкидлаб, халқнинг ўз партиясини сайлаш ҳуқуқи борлигини ҳамда улар бу ҳуқуқдан фойдаланишни исташмоқда деб айтди.

Марказий сайлов комиссияси «Бутун Қирғизистон» партиясини сайловга қатнашиши учун рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. Уларнинг бундай қарор қабул қилишига мазкур партия билан сайловга отланиб, кейин рўйхатдан чиқарилган Турсунбай Бакир уулунинг аризаси сабаб бўлган. У партиянинг съездида қабул қилинган рўйхат кейин ўзгартирилиб, МСКга топширилганини билдирган.

МСКнинг қароридан кейин партиянинг тарафдорлари Бишкекда, Ўшда ва Москва шаҳрида Қирғизистон элчилигининг олдида акция уюштирган. Мадумаров ўз тарафдорларини ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган.

Қирғизистонда парламент сайлови 4-октябрда ўтади. Сайловда 15 партия куч синашади.