1-сентябрда мактабга биринчи синфнинг ўқувчиларигина боради

577

Қирғизистон бош вазири Қубатбек Боронов бу йил 1 сентябрда 1-синфлар мактабга бориб, қолган синфларнинг бари таълимни онлайн олишини айтди.

Ҳукумат раҳбарининг маълум қилишича, жорий йилда биринчи синфга 156 минг нафар ўқувчи боради.

«Бу йилги ўқув йили қандай ўтади деб халқимиз кутмоқда. Аввалроқ вазирлик бир неча вариантларни таклиф қилган. Биринчидан, президент Сооронбай Жээнбеков таъкидлаб ўтганидек, мактабга бораман деб сабрсизлик билан кутаётган кичик фарзандларимизнинг тилакларини амалга оширишимиз керак», - деди Боронов.

Бош вазир ёш болаларни ижтимоий адаптацияси ўта муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга эпидемиологик вазиятнинг шартларини ҳисобга олиб, «таълимнинг алгоритмлари тўлиқ ва аниқ ишлаб чиқилсин» деб топшириқ берди.

Боронов ҳозирда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашди деб айтишга эрта эканини қўшимча қилди. Бундан ташқари ўқув жараёнини кейинги чоракларда тиклаш масаласи эпидемиологик вазиятни инобатга олиш билан Республика штабининг муҳокамасидан ўтиши кераклигини таъкидлади.

Бунга қадар Маориф вазирлиги янги ўқув йилида таълим беришнинг уч вариантини таклиф қилган. Улар: Масофадан ўқитиш шакли, одатдаги ўқитиш шакли ва анъанавий-масофадан ўқитиш шакли.

Коронавирус пандемияси сабаб Қирғизистон ҳукумати 8 апрелда барча мактаб ўқувчиларини масофадан ўқитиш шаклига ўтказган. Ўша вақтда идора таълим режасини ишлаб чиққан эди. Унга кўра, мактаб ўқувчилари ўқув материалларини идоранинг сайтидан ёки телевизордан кўришган.

Аммо, бир қатор ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар бундай ўқитиш шакли уларга қийин бўлаётганидан норози бўлишган. Улар гаджетларнинг етишмаслигига, интернет ҳақини тўлаш учун пулнинг етишмаслигига, алоқа сифатининг ёмонлигига ҳамда ўқув материалларининг тушинарсизлигидан шикоят қилишган.

Ўқувчиларнинг аксарияти синфдошлари ва бошқа ўқувчилар билан кўришиб-суҳбатлашиш имкониятидан ажраб қолганидан, руҳий муаммоларга учраган.