Қадамжойда хотинларини калтаклаган икки кишига нисбатан судгача тергов бошланди

411

Боткен вилоятининг Қадамжой туманида 29-30-июль кунлари икки аёл турмуш ўртоғи томонидан оилавий зўравонликка дучор бўлди. Бу ҳақда «Клооп»га Боткен вилоят ИИБининг матбуот котиби  Нурлан Шайбек ўғли билдирди.

Биринчи воқеа 29-июлда Қадамжой шаҳридаги болалар ўйин майдонида бўлган — шаҳарнинг турғуни рафиқасини сўкиб, калтаклаган. Натижада жабрланувчи ҳудудий касалхонага мурожаат қилган. 

Унинг эртасига оилавий зўравонлик факти Қадамжой туманининг Халмион қишлоғида қайд этилди. 36 ёшдаги Халмион қишлоғининг турғуни маст аҳволда турмуш ўртоғига зўравонлик кўрсатиб, танасига зарар етказган. 

Қадамжой туман ИИБининг ходимлари икки факт бўйича ҳам Қилмишлар бўйича кодекснинг «Оиладаги зўравонлик» моддаси билан судгача тергов бошлади. Жабрланувчи икки аёлга суд-тиббий экспертизаси  тайинланган. 

Қадамжой туман суди эса тергов вақтида шубҳалиларга «бошқа ерга кетмаслик» эҳтиёт чорасини қўллаб, уйларига қўйиб юборди. 

Қонунга кўра, «Оиладаги зўравонлик» моддаси билан айбдор деб топилган фуқаролар 40 соатдан 60 соатгача жамоат ишлари ёки тўрт ойдан олти ойгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Шунингдек зўравонга 30 мингдан 60 минг сомгача жарима пули солиниши мумкин. 

Икки ой аввал президент Сооронбай Жээнбеков оилавий зўравонлик ҳақидаги қонунга киргизилган ўзгаришларни мақуллаган. Унга кўра оилавий зўравонликка гумондор шахсни 48 соатга қамаш учун асослар пайдо бўлди. 

Бош прокуратуранинг маълумоти бўйича 2019-йили Қирғизистон бўйича 6145 оилавий зўравонлик факти қайд этилган. Оилавий зўравонликдан энг кўп аёллар жабрланган  — 5 659. Эркакларнинг сони деярлик 11 ҳисса кам — 486.

Муаллиф: Орозгул Анарбай қизи