«РСК Банк»нинг Бишкек ва Чотқолдаги филиалларининг икки ходимида коронавирус аниқланди

414
«РСК Банк». Сурат: Nishan Amanbaev

Коронавирусни юқтириб олганлар орасида «РСК Банк»нинг икки ходими бор — улар алоқада бўлган беморлар. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 8-майдаги брифингда билдирди.

Ўпка касалини юқтириб олган банк ходимларидан бири Бишкекда, иккинчиси Жалолобод вилоятининг Чотқол туманида. 

«Бишкекдаги бемор алоқада бўлганларнинг орасида топилиб, касал бўлиб, даволаниб, тузалиб кетди. [...] Иккинчиси Чотқолда [таъзияга] қатнашиб, алоқада бўлиб, ўша ерда юқтириб олган», — деб тушунтирди Усонбаев.

«РСК Банк» бу маълумотни тасдиқлади. Уларнинг айтишича, Бишкекдаги ходими фавқулодда ҳолат тартиби киргизилгандан бошлаб уйида масофадан ишлаб келган. Чотқолдаги ходими эса ҳозирда Қаниш-Қия шаҳридаги касалхонада даволанмоқда. 

«Улар жамоат билан ҳам, банк харидорлари билан ҳам алоқада бўлмаган. Бугунги кунда РСК Банкнинг бошқа ходимларида инфекция билан оғриган ҳолат йўқ», — деб билдирди «РСК Банк»дан.

Кеча, 7-май куни, Чотқол туманида 13 кишида коронавирус аниқланган — уларнинг бари таъзияда бўлишган. Таъзияга COVID-19и бор бўлган Бишкекдан ҳам одамлар боришган. 

Бунга қадар маҳаллий ҳукумат 4-майдан бошлаб ҳудудга кириш тақиқланган. 

Бугунги кунда Жалолобод вилоятида коронавируснинг умумий 135 ҳолати қайд этилган — уларнинг 16си Чотқол туманида.