«Оддий грипп каби бошланган». Россияда COVID-19дан вафот этган илк қирғизнинг воқеаси 

542

«Азаттык» нашри ўз ахборот манбасига таяниб, Россияда COVID-19 юқтириб вафот этган уч қирғизистонлик ҳақида билдирди. Вафот этган қирғизистонликлардан бирининг қариндошлари нашрга маҳфийлик шарти билан воқеа тафсилотларини айтиб берган.

Жалолободнинг фуқароси 25-апрелда Москванинг касалхонасида вафот этган. У 51 ёшда бўлган. Марҳумнинг яқинлари бир неча йилдан бери Россияга ишлаш учун бориб юрганини айтмоқда. У сурункали бронхит билан касалланган. Охирги марта у Москвага март ойида келиб, апрелининг ўртасида касал бўлиб қолган. 

«Ҳаммаси оддий грипп каби бошланган. Икки ҳафта шундай аҳволда юрган. Нафас олишда қийнала бошлаганда эса “тез ёрдам” чақирганмиз. У тўрт кун жонлантириш бўлимида ётди. Мустақил нафас ололмагани сабаб сунъий нафас олдирувчи аппаратга уланган. Ростини айтганда, охиригача нима бўлаётганини билмадик. Телефон орқали касалхона билан ҳам боғланиб турдик. Кейинчалик жасадни топшираётганда маълумотномада COVID-19 деб ёзилибди», — деб келтиради «Азаттык» марҳум яқинларининг айтганларини. 

Журналистларнинг маълумоти бўйича, марҳумнинг жасади Қирғизистонга ёпиқ тобут ичида келтирилиб, Жалолободда дафн қилинган. 

«Биз уни қишлоққа кечаси олиб келиб, эртасига дафн қилдик. Фақатгина у Москвада вафот этганини, аммо коронавирус ҳақида ҳеч нарса айтганимиз йўқ. Унинг катта бўлиб қолган фарзандлари бор. Турмуш ўртоғи карантинда», — деб билдирган марҳумнинг қариндоши. 

51 ёшдаги марҳумдан ташқари, Москвада коронавирус сабаб Ўш вилоятининг 1961-йили туғилган Новқат туманининг ҳамда Жалолобод вилоятининг Новкен туманининг 1969 йили туғилган фуқаролари ҳам вафот этгани хабар қилинмоқда. Аммо уларнинг қариндошлари изоҳ беришдан бош тортган. 

Россияда расмий маълумот бўйича Қирғизистоннинг 750 мингга яқи фуқароси бор. Уларнинг ичидан қанчаси коронавирус юқтиргани номаълум. Аммо касалхоналарда ёки амбулатор шаклда даволанаётган ўнлаб қирғиз фуқаролари ҳақида маълумотлар бор.