Қирғизистонда коронавирус юқтирган яна 42 киши шифо топди

381
Олабуқа ҳудудий касалхонасидан чиқарилган беморлардан бири. Сурат: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўтган кеча-кундуз ичида мамлакатда коронавирусдан яна 42 нафар бемор шифо топиб, касалхонадан чиқарилди. Бу ҳақда Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасининг етакчиси Айнура Акматова 1-майда маълум қилди.

Ўпка касалидан шифо топганларнинг энг кўпи Норин вилоятида қайд этилди — 11. Ўш шаҳрида 10, Ўш вилоятида 9, Бишкек шаҳрида 8, Жалолобод вилоятида 3 ҳамда Иссиқкўл вилоятида бир бемор уйларига чиқарилди.

Шу билан коронавирусдан шифо топганларнинг сони 504 нафарга етди. Бу инфекцияни юқтириб олганларнинг 66 фоизини ташкил қилади.

Қирғизистонда 1-майга келиб коронавируснинг янги 10 ҳолати қайд этилди — умумий 756 ҳолат. Касалхоналарда 244 киши ётибди — уларнинг беш нафари касалхонанинг жонлантириш бўлимида.