Ўш вилоятида чақмоқ уйга шикаст етказди, қурбонлар йўқ

578



5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси Ўш вилоятининг Қорасув тумани, Қайрағач қишлоғидаги уйларнинг бири деворига чақмоқ келиб урилди. Ҳодиса пайтида уй ичида бўлган Турдубековлар оиласидан ҳеч ким жиддий жароҳат олмади.

Оила бошчиси Асан Турдубековнинг айтишича, чақмоқ ургандан кейин у ёнғиндан қўрқиб хотини ва болаларини олиб, кўчага қочиб чиққан.

Унинг хотини Патилла эса ҳамон бўлиб ўтган ҳодисадан «шок аҳволда» эканини айтмоқда.

«Бошида борлиқ кўм-кўк рангга кирди, кейин уйдаги чироқ портлаб кетди», —дейди у.

Турдубековнинг ўзи оёғидан шикаст олган, бироқ у айнан нимадан жароҳатланганини эслолмайди.

Ҳовлига югуриб чиққач, у атайлаб ерга ётиб олган — яшин кўпинча тик турган одамни келиб уради.

Яшиннинг зарбасидан сўнг уйдаги девор қорайиб кетган ва ўша хонадаги телевизор яроқсиз аҳволга келган.

Қайрағач қишлоғи бошчиси Жанибай Абиловнинг айтишича, чақмоқ чаққан тунда момақалдироқ бошланиши билан қишлоқда свет ўчирилган.

«Жуда қаттиқ шамол бўлди. Яшин икки марталаб чалиб турди. Бу каби ҳолатни мен бу ерларда биринчи марта кўришим.
Яхши ҳам-ки, светни ўчириб қўйгандик, бўлмаса подстанция куйиб кетган бўлар эди», — дейди Абилов.

Чақмоқ 5 апрел тун бўйи Ўш вилоятининг барча жойларида кузатилди.

Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги матбуот котиби Абдушарип Бекиловнинг айтишича, чақмоқнинг қаерга тушишини олдиндан билишнинг иложи йўқ.

Шунингдек яшин неча марта, қай тариқа уришини ҳам ҳеч ким билолмайди.

Котиб момақалдироқ пайтида электр техникаларидан узоқроқ бўлишни ва қўл телефонидан фойдаланмасликни маслаҳат беради.

Унинг сўзларига кўра, 2011 йилда чақмоқ уч Қирғизистонликни ҳаётдан олиб кетган.

Муаллиф: Дастан Уметбай уулу