Бишкек: Ўқувчи қиз 7-қаватдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилди 

520

Бишкек ШИИБи 19-апрелда кўп қаватли уйнинг деразасидан ўзини ташлаб ҳалок бўлган 14 ёшдаги қизнинг ўлими ҳақида хабар қилган. Қиз қулаб тушиш оқибатида олган жароҳатлари сабаб дарҳол вафот этган. 

Мазкур факт ҚЖУРга қайд этилиб, барча тегишли экспертизалар тайинланди.

«Ҳозирги вақтда бўлиб ўтган воқеанинг барча тафсилотини аниқлаш бўйича суриштирув ўтказилмоқда», — деб билдирилди Бишкек ШИИБдан «Клооп»га.

Ўқувчилар орасида ўз жонига қасд қилиш 

Ҳукумат 16-мартда коронавируснинг пандемияси сабаб республиканинг барча мактабларида карантин эълон қилган. Ҳозирда ўқувчилар уй шароитида ўқишмоқда. ИИВнинг маълумоти бўйича, карантин эълон қилингандан кейин ўқувчиларнинг орасида ўз жонига қасд қилган ҳолатлар кўпайди. 

18-мартдан 22-мартга қадар Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида етти мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган.  Уларнинг ичидан тўрт нафарининг ота-онаси хорижда ишлаб юргани маълум бўлган. 

29-мартда Чуй вилоятининг Иссиқота туманида бир кунда икки ўқувчи ўзини осиб олган. 

ИИВ ота-оналарни карантин вақтида болаларига назар солиб, уларга яхши эътибор қаратишга чақирди. 

«Асосан, ўсмир болалар ўз жонларига кундузги вақтда қасд қилишган, катталар эса болалари қайда юрганини билмаган», — деб билдиришди ИИВдан.

Идорадагилар ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилаётганига уларнинг яқин атрофи билан муомала қила олмаётгани сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. 

«Инсоннинг яқин атрофидагилар билан ўзаро алоқанинг бузилиши жонига қасд қилишга умумий сабаб бўлади. Ўсмир болалар учун кўпинча яқин одамлар, оила ёки ота-онаси билан муомаланинг бузилиши сабаб», — деб айтилади муассасанинг билдирувида.