Жалолобод мэриясининг матбуот котиби Азамат Жээнбеков фейсбукдаги саҳифасида шаҳарга 100 минг юз ниқоби олиб келинганини ёзди. Унинг айтишича, бир фуқаро дорихонадан 3 донагина тиббий ниқоб сотиб олиши мумкин. Баҳоси эса 10 сомни ташкил қилади.
«Энди коронавирус ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш воситалари бўйича муаммо камайди. Унинг сотилиш баҳоси эса назоратга олинади», — деб ишонтиради у.
Жалолобод шаҳри Сузоқ тумани билан чегарадош. Туманда 18-мартда уч турғун коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Шу сабабдан ҳудудда тиббий ниқобга талаб кучайган.
Бугун, 20-мартда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев мамлакатда яна уч киши коронавирус билан қайд этилганини айтди. Олти қирғизистонлик ҳам яқинда умрадан келишган. Икки туманда ҳам фавқулодда ҳолат режими киргизилди.