Москвада полицияни ўлдиришга гумондор асли қирғизистонлик 18 йилга кесилди

541

Москва шаҳар суди 11-февралда асли қирғизистонлик Нурлан Муратовга нисбатан ажрим чиқарди. У 2018 йили сентябрда “Курская” метро бекатида полиция ходимини ўлдирган деб айтилиб 18 йилга қаттиқ тартибдаги қамоққа кесилди.

Бундан ташқари, суд қарори билан Муратов марҳумнинг оиласига 500 минг рубль миқдорида маънавий зарар учун хун тўлаб бериши керак.

Муратовнинг адвокати Алексей Толстих билдиришича, саккиз суд ҳайъати ичидан еттиси Муратовни айбдор деб топиш учун овоз беришган, бири — қарши овоз бериб, айбланувчи “кечирилишга лойиқ” деб билдирди.

Суднинг ҳукми прокурорнинг талаблари билан мос бўлиб чиқди.

“Муратов <...> полиция ходимининг жамоат хавфсизлигини ва жамоат тартибини сақлаш бўйича қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида ҳуқуқ тартибот органи ходимининг ҳаётига қасд қилиш бўйича айбдор деб топилди. (Жиноят-Жазо кодексининг 317 моддаси)”, — деб билдиришди Москва шаҳар судининг матбуот хизматидан.

Бунга қадар Муратовнинг адвокати ТИЗОда ҳимоясидаги одамига қўшни камерада қариндошлари ўтиргани айтилиб босимга олинганини билдирган. Қариндошларини агар Муратов айбни бўйнига олмаса қамоққа оламиз деб қўрқитишган.

“Медиазона”нинг маълумотига кўра, Муратовга нисбатан босим судда муҳокама қилинган, аммо бу суд ҳайъатлари келгунга қадар бўлган. Судья суд ҳайъатларининг олдида айбланувчига бўлган босимни муҳокама қилишни тақиқлаган.

Полиция ходимини ўлдириш

2018 йилнинг 3-сентябрига ўтар кечаси Москванинг “Курская” метро бекатида 23 ёшдаги полиция ходими Андрей Райский ўқдан ҳалок бўлган.

Тергов версияси бўйича, ўша кечаси Райский метросида ҳужжатларини текшириш учун Муратовни тўхтатган. Шундан кейин полиция ходими уни ҳожатхонага олиб борган. Тергов, у ерда Муратов ҳуқуқ тартибот органи ходимини тўпонча билан отган деб ҳисоблайди.

3-сентябрда Mash, шунингдек, “Московский комсомолец (МК)” нашри Нурлан Муратов деган гумондор фуқаронинг исмини ёзиб чиққан.

Шубҳали шахснинг ўзи эса полиция ходими уни ҳожатхонага чақириб, ўша ерда ўзига ўқ отганини айтгани ҳақида айтиб берган. Муратов тўппончанинг товушидан қўрқиб кетиб, воқеа бўлган ердан кетиб қолганини айтмоқда.

Россия ОАВлари Муратов қирғиз армиясида хизмат ўтаган ва 1999 йили Баткен вилоятида Ўзбекистоннинг Ислом ҳаракати аскарлари билан бўлган тўқнашувда қатнашган деган маълумотларни тарқатишган. Нашрлар шундан кейин у “руҳий томондан” жабрланган деб тахмин қилишган. “МК” газетаси 2010 йили Муратов Россия фуқаролигини олиб, Оренбургда яшаб юрганини, сўнг Москвага кўчиб келган деб ёзган.

Қирғизистоннинг Бош штабидан Муратов ҳақиқатдан ҳам Баткен воқеаларида қатнашиб-қатнашмаганини тасдиқлаб бера олгани йўқ.