Ўшда Мустақиллик байрамини уюштирган компания мэриядан ҳақини ололмаётганини билдирди

417

Жорий йилнинг 31-августида Ўшнинг марказий майдонида Қирғизистоннинг Мустақиллик куни нишонланган. Тадбирни ташкиллаштириш бўйича тендерни Андрей Дробишев исмли фуқаронинг компанияси ютиб олиб, хизмат ҳақини  756 минг сомга баҳолаган. Аммо компания Ўш мэрияси мазкур маблағнинг бир қисмини халигача тўламаганини билдирди. 

Бу ҳақда байрам тадбирини уюштирган компаниянинг вакили Жапарбек Ихматулла ўғли «Турмуш» нашрига берган интервьюсига билдирган. 

«Келишувнинг асосида марказий майдондаги сахнанинг безакларини, мусиқий аппаратларни биз олиб келиб, қўшиқчи-раққосаларни чақирганмиз. аммо келишувда кўрсатилган маблағ орадан 3 ой ўтса ҳам бизнинг қўлга теккани йўқ. Тегишли ерларга мурожаат қилсак бир-бирига тўнкашмоқда. Аслида пулни Ўш шаҳар муниципал мулк ўтказиб бериши керак эди», — деди Ихматулла ўғли.

Компаниянинг вакили қўшимча қилишича, уюштириш ишлари битгандан кейин мэрия қўшимча хизматлар учун қайта бошидан 36 928 сомга тендер эълон қилган. Бу тендер компаниянинг уюштиришга ўз ҳисобидан сарфлаган чиқимларини тўлаб бериш учун эълон қилиниб, ўз ҳисобидан сарфлаган харажатларини тўлаб бериш учун эълон қилиниб, тендерни қайта Дробишевнинг компанияси енгиб чиққан.

Байрам тадбирини ўтказиш вазифаси Ўш шаҳар мэриясиннг Маданият бошқармасига юкланган. Бошқарманинг етакчиси Элдияр Кадиркулов «Клооп»га билдиришича, Дробишевни компаниясининг ҳисобига келишувда кўрсатилган  756 000 сом ўтказилган, фақатгина компаниянинг 36 928 сом миқдорида кетказган қўшимча харажати тўлангани йўқ. 

Шунингдек у бу маблағ ҳозир тайёр ва уни компаниянинг ҳисобига Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармаси ўтказиши кераклигини қўшимча қилди. 

«Асосан бошида 700 мингдан ортиқ маблағга келишув тузилган. Бироқ тадбир ўтказилаётганда чиқимлар ошиб кетиб, [Андрей Дробишевнинг] компания ўз ҳисобидан қўшган. Биз у пулни тўғридан тўғри бера олмай, 36 минг сомга қўшимча тендер эълон қилдик. Янги тендерда қайтадан мазкур компанияни қатнаштириб, қўшимча келишим тузганмиз. У пул ҳозир тайёр», — деди Кадиркулов.

Ҳозирги вақтда Ўш шаҳар муниципал бошқармаликнинг етакчиси ва бош ҳисобчиси ҳақли сабаблар билан ишга чиқа олмаганидан пул ўтказиш тўхтаб турибди. Пул ўтказиш учун бошқарма етакчисининг ва бош ҳисобчининг имзоси керак. 

Бироқ Давлат харидлари порталида Андрей Дробишевнинг  компаниясига юқорида айтилган 36 928 сомдан ташқари, келишимда кўрсатилган 756 000 сом пул ҳам ўтказилмаганини кўриш мумкин. 

                                                                          Муаллиф: Алтинай Урматбек қизи