Саймаити ўлдирилган ердаги машина рақамлари Қирғизистон бош консулига тегишли — ТИВ

511

Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ)  ишбилармон Айэркен Саймати ўлдирилган жойдан эвакуация қилинган «Рейндж Ровер» автомобилидаги рақамлар  Қирғизистоннинг Истамбулдаги Бош консуллигига тегишли эканини тасдиқлади.

Аммо, ТИВнинг билдиришича, бош консул Эркин Сопоков мазкур машинани октябрь охиридан бери фойдаланмаган.

Вазирлик вакили «Азаттык» радиосига берган интервюсида билдиришича, Сопоков автомашинани сотиш учун «Рамазон Туризм» автосалонига сотувга берган, лекин консул машинадаги дипломатик рақамларни ечиб олмай, шу билан «процедураларни бузган».

Муассаса Сопоковнинг «Рейндж Ровер»и Саймаити ўлдириб кетилган ерда қандай қилиб пайдо бўлиб қолганини тушунтириб бера олгани йўқ. 

Туркиянинг «Хюрриет» газетаси бунга қадар маълум қилганидек, мазкур автомобилнинг калити Саймаитининг чўнтагида бўлган. 

Саймаитининг ўлимидан икки кун ўтгандан кейин, 12-ноябрь куни Сопоков бош консул хизматидан бўшатилган.

Меҳмонхона ошхонасидаги қотиллик 

Айэркен Саймаитини 10-ноябрь куни Истамбулнинг меҳмонхоналаридан биридаги кафеда номаълум шахс отиб кетган.  Бизнесмен олган жароҳатлари оқибатида касалхонада вафот этган. Туркиянинг прокуратураси тергов олиб бормоқда.

Саймаити ўлдирилган ер. Сурат: «Хюрриет» нашри

Саймаити «Азаттык»нинг божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бўйича суриштирувининг фигурантларидан бири бўлган.

Нашрнинг суриштирувига кўра, Матраимов 2011-2017 йиллари божхона хизматида ишлаётган вақтда 700 млн доллардан ортиқ маблағнинг Қирғизистондан ноқонуний чиқарилиб кетиши бўйича порахўрлик схемасига алоқаси бор бўлиши мумкин.

«Азаттык»нинг журналистлари Саймаити ва унинг «Абдыраз» компанияси Матраимовга бу пулларнинг учдан биридан кўпини — 250 млн долларга яқин маблағни — чиқариб кетишга ёрдам берган деб айтишган.

Матраимов ва унинг ака-укалари Қирғизистонда энг бой ва нуфузли оилалардан бири ҳисобланади.

Муҳолифат ва фуқаровий фаоллар Матраимовнинг президент Сооронбай Жээнбековга яқинлиги бўйича бир неча бор айтиб чиқишган — бу билан ҳусусан, нима учун ҳуқуқ тартибот органлари «Азаттык»нинг суриштирувидан кейин Матраимовнинг мулкини одатдагидан кўпроқ вақт текшираётгани тушунтирилган.

Президент ўзи доимо Матраимов билан алоқасини инкор қилиб келади — Жээнбеков журналистлар билан бўлган охирги учрашувида божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари билан алоқаси бўйича «фактларни келтиришни» сўраган.